Кадастр филиалларидаги архив ҳужжатларини рақамлаштириш ва уларнинг ҳисобини юритиш мақсадида 2024 йил – Давлат кадастрлари палатасида «Архив ҳужжатларини рақамлаштириш ва уларнинг ҳисобини тўғри юритишни йўлга қўйиш йили» деб эълон қилинган.
Айни вақтда ҳудудларда Ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, улар томонидан кадастр йиғма жилдларининг мавжудлик ва ҳолатини ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Тошкент шаҳри идоравий архив сақловидаги кадастрга оид маълумотлар хусусида Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси архив иши назорати бош мутахассиси Нодира Жўраева қуйидагиларни гапириб берди.
– Бугунги кунда ДКП Тошкент шаҳар бошқармасининг Сергели, Яккасарой, Миробод ва Чилонзор туман филиалидаги идоравий архивида сақланаётган кўчмас мулк объектларининг кадастр йиғма жилдларини рақамлаштириш ва уларни ҳисобга олиш бўйича режа-графиги тасдиқланди.

Унга асосан Тошкент шаҳри идоравий архив сақловида жами 803 104 та кадастр йиғма жилд ҳужжатлари мавжуд бўлиб, шундан 742 348 та турар жой объектлари, 60 756 та нотурар жой объектларини ташкил этади.
Филиаллардаги маъмурий бошқарув ва ишлаб чиқариш ходимларини жалб қилган ҳолда ишчи гуруҳлари ташкил этилди. Барча туман филиаллар идоравий архивларида сақланаётган кўчмас мулк объектларининг кадастр йиғма жилдларини рақамлаштириш ва уларни ҳисобга олиш ишларини сифатли олиб бориши учун ишчи гуруҳларга зарур шароитлар яратиб берилган.
Бугунги кунда ишчи гуруҳлари томонидан бошқарманинг туман филиаллари архивларида сақланаётган архив ҳужжатларининг мавжудлик ҳолатини ўрганиш ва рақамлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Мазкур жараёнда ҳар бир кадастр йиғма жилдларини рақамлаш, муҳрлаш ва сканер қилинган ҳужжатларни юклаш ишлари олиб борилмоқда.
2024-2025 йиллар давомида Тошкент шаҳридаги 800 мингдан зиёд кўчмас мулк ҳужжатларини рақамлаштириш кўзда тутилган бўлиб, бугунги кунга қадар 31 350 дан ортиқ архив ҳужжатлари рақамлаштирилди, – деди Нодира Жўраева.
Гулноза Бобоева, ЎзА