Архив ҳужжатлари – фуқаролар, жамият ва давлат учун аҳамиятлилиги туфайли сақланиши лозим бўлган матнли, қўлёзмада ўқиладиган ҳужжатлар, овозли ёзувлар, видеоёзувлар, кинотасмалар, фотосуратлар, фотография плёнкалари, чизмалар, схемалар, хариталар, шунингдек, бошқа моддий манбалардаги ёзувлардир.
Кадастрнинг асоси бўлган архив ҳужжатларини рақамлаштириш соҳа ривожланишида янада қулайлик яратади. Шуни инобатга олган ҳолда тизимда бу борадаги саъй-ҳаракатлар бошланди.
Хусусан, Давлат кадастрлари палатаси Тошкент вилояти бошқармасининг Пискент туман филиали “Намунали архив” лойиҳаси танлаб олинган. Ҳозирги кунда филиал архив хонаси замонавий жавонлар ҳамда электрон-техник воситалар билан тўла таъминланган. Архив хонасининг бу каби жиҳозланиши ҳар қандай фавқулоддаги вазиятларда ҳам ҳужжатларнинг бешикаст ва сифатли сақланишини таъминлайди.
Айни пайтда филиалда туман ва шаҳарлардан бириктирилган 11 нафар мутахассисдан иборат бўлган махсус ишчи гуруҳ томонидан архивда сақланаётган кўчмас мулк объектларининг кадастр йиғма жилдини рақамлаштириш ва улар ҳисобини юритиш юзасидан тегишли режа асосида ишлар олиб борилмоқда.
Пискент туман филиали архивида жами 23 минг 510 та кўчмас мулкка тегишли ҳужжатлар сақланади.
Бугунгача 4,500га яқин ҳужжат рақамлаштирилиб, тартибга келтирилди. Келгусида эса бошқа ҳудудларда ҳам бу каби ишлар амалга оширилиши режалаштирилган.
А.Мусаев, ЎзА мухбири