Бухоро вилоятида жами 531 минг 58 та юридик ва жисмоний шахснинг эгалигида бўлган якка тартибдаги тураржой объектлари, кўп қаватли уйлардаги квартиралар ва нотураржой объектлари мавжуд. Бугунги кунга қадар 529 минг 500 та объектнинг ҳужжатлари кадастрнинг ягона электрон архиви базасига киритилди.
Ҳужжатларнинг электрон кўринишга ўтиши таъминланди. Шундан 492 минг 659 таси тураржой, 36 минг 841 таси эса нотурар объектлар саналади.
–Давлат кадастрлари палатаси раисининг буйруғига асосан 2024 йил Давлат кадастрлари палатасида “Архив ҳужжатларини рақамлаштириш ва уларнинг ҳисобини тўғри юритишни йўлга қўйиш йили” деб эълон қилинди, –дейди Давлат кадастрлари палатаси мутахассиси Муҳаммад Абдуллаев. –Шунга асосан, бугунги кунда вилоят бошқармасида ҳам архив ҳужжатлари рақамлаштирилмоқда. Бошқарма бошлиғининг тегишли буйруғига асосан Вобкент, Пешку, Олот туманлари ҳамда Когон шаҳарлари филиалларида ишчи гуруҳлар тузилиб, ишлар жадал суръатларда давом этмоқда. Бу жараёнда асосан филиалларнинг идоравий архивларида сақланаётган кўчмас мулк объектларининг кадастр йиғма жилдларининг мавжудлик ҳолатини ўрганиш ва рақамлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Зариф Комилов,ЎзА мухбири