Ватанимиз тарихидаги 25 декабрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
“Ўзбек халқи байрамлари” китобида ёзилишича, қишки энг узоқ тун ва энг қисқа кун (21 декабрдан 22 декабрга ўтар кечаси) содир бўлганидан кейин, 25 декабрдан Қишки чилла бошланади. У қишнинг авжи энг совуқ вақтига тўғри келади ва 5 февралгача – 40 кун давом этади. Чилла атамаси форс-тожик тилидаги «чил» сўзидан олинган бўлиб, «қирқ» деган маънони билдиради. Чилла инсон ҳаётидаги хатарли, энг оғир ва энг масъулиятли даврни англатувчи сўз ҳисобланади. Удум бўйича чилла 40 кундан иборат бўлиб, унинг 20 куни кичик чилла, 20 куни эса катта чилла дейилади. Усмон Қорабоевнинг қайд этишича, 25 декабрда табиатда ўзгаришлар содир бўла бошлагани сезилади. Шу боисдан бу сана кўпгина халқларда байрам сифатида нишонланади.
1842 йил (бундан 182 йил олдин) – узоқ музокаралардан сўнг Россия империяси ва Хива хонлиги ўртасидаги муносабатлар тарихида илк бор давлатлараро алоқаларни йўлга қўядиган “Мажбуриятлар акти” номли шартнома имзоланди. Баъзи манбаларда ушбу ҳужжат “Келишув Акти” деб номланган ва имзоланган санаси 1842 йил 27 декабрь кўрсатилган. Тарихчи Шавкат Саидовнинг қайд этишича, келишув тўкқизта банддан иборат бўлиб, ўзаро муносабатлардаги барча муаммоларни қамраб олган, ҳатто шартномада икки давлат ўртасидаги чегара ҳам аниқ кўрсатилиб, у Сирдарё ва Устюрт платоси орқали ўтиши ҳақида алоҳида банд киритилган эди.
Бироқ мазкур шартнома ҳам ўзаро муносабатлардаги зиддиятларга чек қўймайди. Бунинг асосий сабаби, Хива ҳукуматининг қатъий норозилигига қарамай, россиялик ҳарбийлар бевосита хиваликлар манфаатлари бор ҳудудларда ҳарбий қалъа ва истеҳкомлар қуришни давом эттиргани ҳамда рус маъмурлари жўнатган элчилик миссиялари ҳарбий-сиёсий мақсадларда ташкил қилингани эди.
1921 йил (бундан 103 йил олдин) – Узаир Ҳожибековнинг “Аршин мол олон” номли саҳна асари Ғози Юнусов томонидан ўзбек тилига таржима қилиниб, Тошкентдаги “Турон” театри саҳнасида “Тарғибот” труппаси томонидан илк бор ўзбек тилида саҳналаштирилди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, тилшунос, фольклоршунос олим Ғози Юнус (1893–1938) асар тарима қилиниб, саҳнага қўйилган вақтда Маориф комиссарлиги қошидаги илмий кенгаш тил ва терминология шўъбасида ишлаган. У ўзбек халқ эпоси – «Алпомиш» достонининг илк тадқиқотчиларидан бири ҳисобланади.
1944 йил (бундан 80 йил олдин) – «Маҳмуд Торобий» операси томошабинлар эътиборига илк бор ҳавола этилди. Ойбекнинг либреттосига украин композитори Олесь Чишко куй басталади. Ўзбек миллий операсининг асосчиларидан бири Қори Ёқубов спектаклда Маҳмуд Торобий партиясини катта маҳорат билан ижро этди.
1957 йил (бундан 67 йил олдин) – Самарқанд шаҳрида узунлиги 3 километрдан иборат бўлган троллейбус линияси очилди. Бу йўл шаҳар четини марказ билан боғлади.
1991 йил (бундан 33 йил олдин) – Эрон, Канада, Намибия, Исроил Ўзбекистон Республикасининг суверенитетини тан олди.
1991 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Жаҳон интеллектуал мулк ташкилотига аъзо бўлди.
1991 йил (бундан 33 йил олдин) – СССР Президенти М.С.Горбачёв марказий телевидение орқали сўнгги марта халққа мурожаат қилди. СССР давлати халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида барҳам топди.
1991 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Пpезидентининг «Пахта иши билан судланиб, республика ҳудудидаги ахлоқ-тузатиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни афв этиш тўғрисид»ги фармони қабул қилинди.
1994 йил (бундан 30 йил олдин) – биринчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига илк бор чинакам демократик кўппартиявийлик асосида умумхалқ сайловлари ўтказилди. Биринчи турда 205 депутат, қолган икки турда (1995 йил 8 ва 22 январ) 45 депутат (жами 250 депутат) сайланди.
1998 йил (бундан 26 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”, “Реклама тўғрисида”, “Радиочастота спектри тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинди.
2012 йил (бундан 12 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 5 боб, 31 моддадан иборат.
2019 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 12 боб, 69 моддадан иборат.
2020 йил (бундан 4 йил олдин) – илк бор Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирокида «Ўзбекистон ёшлари форуми» ўтказилиб, унда 30 минг нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди. Форумда давлат раҳбари томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича 2 та асосий йўналишда – ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш; ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича 34 та устувор вазифалар белгилаб берилди.
2023 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва тарғиб қилишни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”, “Аҳолига маданий хизмат кўрсатиш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.
2023 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва уларга менежерлик сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади