Қаршида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди
Қайд этиш жоизки, ақида масалалари ҳар қандай даврда, жамиятда ҳам ҳамиша муҳим аҳамият касб этиб келган.
Қашқадарёда шу мавзуда Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Абул Муин Насафий илмий меросига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Мазкур анжуманда Туркия, Миср, Россия, Бангладеш, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон каби давлатлардан таниқли исломшунос олимлар, шунингдек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Дин ишлари бўйича қўмитадан 50 га яқин олим ва каломшунос мутахассис, тадқиқотчилар иштирок этди.

Дастлаб анжуман иштирокчилари Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилган Қарши туманидаги Абул Муин Насафий мажмуасига ташриф буюрди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, хусусан ўтмишда яшаб ўтган буюк аждодларимиз зиёратгоҳларини обод қилиш, улар мангу қўним топган масканларни шарқона меъморий услубларда тубдан таъмирлаш, бу жойларда янги маърифий мажмуалар яратиш, улар қолдирган бой илмий меросни ўрганиш ва тадқиқ қилиш борасидаги амалий ишлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Анжуманда иштирок этган хорижий ва мамлакатимиз олимларининг Абул Муин Насафий асарлари, унинг ислом илм-фанида тутган аҳамияти, юртимизнинг дунё тамаддуни ривожидаги муҳим ўрни ҳақидаги маърузалари конференция иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Дунё миқёсида халқаро терроризм, радикализм, экстремизм каби чегара билмас таҳдидларнинг хавфи ортиб бораётган бугунги кунда ҳам маърифат жаҳолатга қарши курашишнинг энг самарали воситаси сифатида тан олинмоқда.
Қайд этиш жоизки, ақида масалалари ҳар қандай даврда, жамиятда ҳам ҳамиша муҳим аҳамият касб этиб келган. Негаки, ақоид илми инсонни адашишдан сақлайди. У қатъий далиллар билан диний эътиқодни мустаҳкамлайди, шубҳаларни рад этади. Ҳақни изловчиларга далиллар билан тўғри йўл кўрсатади. Ҳақ йўлдан адашганларни ҳужжат билан ҳидоятга бошлайди. Диннинг софлигини сақлайди, эътиқодни бузуқ фикрлар ва ботил шубҳалардан муҳофаза қилади.

Шу боисдан, бу ҳаётий муҳим масала ҳар доим ҳам илм аҳлининг диққат эътиборида бўлиб келган. Буюк аждодимиз Абул Муин Насафийнинг ақида масалалари йўналишида ёзган асарлари ана шу жиҳатдан барча даврларда ҳам ўз қиммати ва аҳамиятини йўқотмади.
Абул Муин Насафий илмий меросига бағишлаб ўтказилаётган “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашган буюк аллома” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференциянинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, буюк аллома илмий меросини тадқиқ қилиш натижасида эришилган илмий янгиликлар ва натижалар нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида жаҳолатга қарши маърифат билан курашда муҳим аҳамият касб этади. Ўз навбатида, турли маърифий марказлар, шу жумладан, халқаро илмий муассасалардаги изланишлар натижасини бир даврада жамлаш, илмий янгиликларни мувофиқлаштириш, ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, фикр ва тажриба алмашиш имкониятини юзага келтиради. Бу эса ўз навбатида, соҳадаги илмий тадқиқотларни келгусида янада ривожлантиришга кучли замин яратади.

– Бугун Қарши шаҳрида буюк аждодларимиздан бири, бутун ислом оламига ўзини илм нури билан ақоид масалаларини ёзиб қолдириб кетган Абул Муин Насафий ҳазратларини ҳаёт ва ижодлари тўғрисидаги халқаро конференцияда иштирок этдик, – дейди шайх Абдулазиз Мансур. – Бу ерга жаҳоннинг йирик мамлакатларидан олим уламолар келиб, ўзларини маърузаларини баён қилди. Аҳамиятли томони шундаки, бугунги кунда ақида масаласи, эътиқод масаласи ҳақиқатан ҳам ҳаммага маълум эмас. Бугунги одилона сиёсат шарофати билан мана энди буюк аждодларимизнинг бебаҳо асарлари ўрганилиб, халқимизга таржима қилиб етказилмоқда.
