Арнасойда зира – “яшил олтин” парваришланмоқда
Жиззах вилоятининг Арнасой туманида қишлоқ хўжалигини диверсификация қилишга қаратилган ислоҳотлар амалда ўз самарасини кўрсата бошлади. Сўнгги йилларда анъанавий экинлар билан чекланиб қолмасдан, юқори даромад келтирувчи зиравор ва доривор ўсимликлар етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Самарқанд” сув истеъмолчилари уюшмасида амалга оширилаётган инвестициявий лойиҳа доирасида Хитойнинг “Шан Шиченг” масъулияти чекланган жамияти томонидан 52 гектар майдонга зира экилиши ана шу янгича ёндашувнинг ёрқин ифодасидир.
Айни пайтда далаларда униб чиққан зира ниҳоллари баҳорнинг илиқ нафаси билан уйғун ҳолда бир текис кўкариб, бўлғуси ҳосилини намоён этмоқда. Бу манзара ортида эса деҳқон меҳнати, замонавий агротехнологиялар ва пухта режалаштирилган агротехник тадбирлар мужассам.
Мутахассислар таъкидлашича, зира қадимдан инсониятга маълум бўлган қимматли зиравор ва доривор ўсимликлардан бири бўлиб, унинг тарихи бир неча минг йилликларга бориб тақалади. У асосан қуруқ ва ярим қуруқ иқлим шароитида яхши ўсади, шу боис Марказий Осиё, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларида кенг тарқалган.

Агрономик жиҳатдан зиранинг яна бир муҳим афзаллиги унинг қисқа вегетация даври (ўртача 90-120 кун) ва кам сув талаб қилишидир. Бу эса сув ресурслари чекланган ҳудудлар, жумладан, Арнасой тумани учун мақбулдир. Шу билан бирга, у енгил, яхши дренажланган ерларда юқори ҳосил беради.
Тажрибалар шуни кўрсатадики, агротехника тўғри ташкил этилганда ҳар гектардан ўртача 6-10 центнергача, айрим ҳолларда эса ундан ҳам юқори ҳосил олиш мумкин. 52 гектар майдон ҳисобида бу камида 30–50 тонна сифатли маҳсулот деганидир.
Зира нафақат озиқ-овқат саноатида, балки тиббиёт ва фармацевтика соҳасида ҳам кенг қўлланилади. Унинг таркибида эфир мойлари (асосан куминальдегид), антиоксидант моддалар мавжуд бўлиб, ҳазмни яхшилаш, иммунитетни мустаҳкамлаш каби хусусиятларга эга экани илмий манбаларда қайд этилган.
Бозор таҳлиллари зира маҳсулотига бўлган талаб йилдан-йилга ошиб бораётганини кўрсатмоқда. Айниқса, Ҳиндистон, БАА, Туркия ва Европа мамлакатлари бозорларида унга бўлган эҳтиёж юқори. Маҳсулот сифати ва тозалигига қараб, ҳозирги кунда унинг 1 килограмми ўртача 80-120 минг сўм атрофида баҳоланмоқда.

Шу ҳисоб-китобларга кўра, 52 гектар майдондан олинадиган ҳосил ҳажми лойиҳанинг юзлаб миллион сўмлик, айрим ҳолларда эса миллиардлаб сўмлик даромад келтириш имконияти мавжудлигини кўрсатади. Бу эса зирани бежизга “яшил олтин” деб аташмаётганининг яна бир исботидир.
Энг муҳими, бундай лойиҳалар қишлоқ аҳолисининг бандлигини таъминлаш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш каби бир қатор ижтимоий-иқтисодий вазифаларни ҳал этишга хизмат қилмоқда.
Арнасойда амалга оширилаётган мазкур ташаббус аграр соҳада янги фикрлаш — бозор талабига мос иш юритиш, юқори қўшилган қиймат яратиш ва ресурслардан оқилона фойдаланишнинг амалий намунаси сифатида алоҳида аҳамиятга эга.
Шубҳасиз, ана шундай лойиҳалар кўлами кенгайган сари юртимиз қишлоқ хўжалиги барқарорлик ва рақобатбардошликнинг янги босқичига кўтарилади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири