Армия ва халқ бир жону бир тан
Андижонда «Армия ва халқ бир жону бир тан» шиори остида тадбирлар ўтказилмоқда.
Вилоят ички ишлар, Миллий гвардия ҳамда Мудофаа ишлари бошқармалари, Андижон шаҳридаги ҳарбий қисм ҳамда “VETERAN” жангчи фахрий ва ногиронлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида Андижон туманидаги 54- умумтаълим мактабида ташкил этилган навбатдаги тадбирда тумандаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирок этди.

– Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, ёшларни Ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳарбийларга ҳурмат, ҳарбий хизматга бўлган қизиқишни янада оширишдан иборат, – дейди “Veteran” жангчи фахрий ва ногиронлар уюшмаси вилоят бўлими Матбуот котиби Маҳбубахон Исроилова. – Қолаверса, ёшларимиз қалбида она Ватанга муҳаббат, юрт тинчлиги ва осойишталигига дахлдорлик туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган.

Ҳарбийлар томонидан ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар, шунингдек, улардан қандай фойдаланиш кўргазмали чиқишлар орқали намойиш этилди.
Тадбирда иштирок этган фахрий ҳарбийлар, афғон уруши қатнашчилари ўқувчи ёшларга Ватан ҳимояси, юртимиз сарҳадлари дахлсизлигини сақлаш йўлида олиб борган мардонавор хизматлари ҳақида гапириб берди.
Якунда “VETERAN” жангчи фахрий ва ногиронлари уюшмаси томонидан тадбирда фаол иштирок этган бир гуруҳ ўқувчиларга эсдалик совғалари топширилди.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА