Арманистонда янги президент сайланди
Бугун Арманистон парламенти овоз бериш жараёнларининг иккинчи турида юқори технологиялар саноати вазири Ваагн Хачатрянни республика президенти этиб сайлади. Бу ҳақда “Интерфакс” агентлиги хабар берди.
Арманистон Конституциясига кўра, иккинчи турда президент лавозимига сайланиш учун жами 107 нафар депутатнинг камида бешдан уч қисми овоз бериши керак. Ваагн Хачатрян номзодига эса 71 нафар депутат овоз бергани маълум бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 23 январь куни собиқ президент Армен Саркисян истеъфога чиқишини эълон қилган эди. Парламент 1 февраль куни унинг қарорини тасдиқлаган. Армен Саркисян давлат раҳбарлигидан кетаётганини мамлакат ички ва ташқи сиёсати масалаларига таъсир ўтказа олмаётгани билан изоҳлаган.