Арманистон Саудияга биринчи элчисини тайинлади
Арманистон Президенти Ваагн Хачатурян Саудия Арабистонига элчи тайинлаш ҳақидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Президент девони баёнотида айтилишича, БААдаги элчи Карен Григорян Арманистоннинг қиролликдаги дипломатик миссияси раҳбари этиб тайинланган биринчи элчиси саналади. Иттифоқ парчаланиши натижасида Арманистон мустақилликка эришган 1991 йилдан бери Ереван ва Ар-Риёд ўртасида дипломатик алоқа йўқ эди. Илк мулоқот ўша пайтдаги Президент Армен Саргсяннинг 2021 йил октябрь ойида Саудияга ташрифи чоғида юз берган. Ўшанда валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашув ташкил қилинган. Ўтган йил ноябрда бу икки давлат дипломатик муносабат ўрнатиш тўғрисидаги протоколни имзолади.