Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим энг кўп сайёҳ келадиган Арк қалъасига ташриф буюрди. Бу ерда мартабали меҳмонга мажмуа тўғрисида батафсил маълумот берилди. Сайр давомида қўрғондаги Тахтхона меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Арк қалъаси Бухоронинг энг қадимги тарихий меъморчилик ёдгорлиги ҳисобланиб, баландлиги 16-20 метрни ташкил этади.
Арк ғарбдан шарқка томон ёйилган кўпбурчакни эслатади. Қўрғон ҳудудида олиб борилган археологик тадқиқотларга қараганда, қалъа деворлари милоддан аввалги IV даврда барпо этилган. Биринчи давр – антик, иккинчи давр (мил. IV-V-VIII асрлар чегараси) учинчи давр (IX аср бошлари - XIII аср), тўртинчи давр (XV-XX асрлар)га тўғри келади.
1920 йилдаги Бухоро босқини натижасида кўпгина ёдгорликлар қаторида “Арк қўрғони” ҳам вайрон бўлган. Бугунги кунда Арк қўрғонининг сақланиб қолган 1,1 гектар майдонида Бухоро давлат музей қўриқхонаси фаолият олиб бормоқда.
А.Бўриев, Н. Ҳайдаров ва Т.Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари