Аризаларни қабул қилиш якунланди
Саккизта йўналиш орасидан энг кўп лойиҳалар таълим соҳасига мўлжалланган.
Ўзбекистонда коронавирус пандемияси оқибатларини юмшатиш мақсадида инновацион воситалар ва ечимлар бўйича "COVID-19 Challenge 2020" онлайн-танловида иштирок этиш учун икки ҳафта давомида 600 ариза топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, "COVID-19 Challenge 2020" - бу мамлакатимизда коронавирус пандемияси оқибатларини юмшатиш мақсадида инновацион воситалар ва ечимлар бўйича ўтказиладиган онлайн-танловдир. У коронавирус пандемиясидан у ёки бу даражада зарар кўрганларга ёрдам бериш мақсадида Ўзбекистондаги сармоядорларнинг билими, технологиялари ва тадбиркорлик кўникмаларини бирлаштирган ҳолда, ўзаро ҳамкорлик қилиши, инновацияларни яратишига ёрдам беради.
Танлов БМТ нинг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастури, Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT Park), Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон ёш тадбиркорлари қўллаб-қувватлаш маркази, “Рақамли ишонч” рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси, Жаҳон банки, Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси томонидан ташкил этилмоқда.
Танлов шартларига кўра, аризалар қабулидан сўнг лойиҳалар текширилади. Саралаб олинган жамоалар онлайн-суҳбатга чақирилади. Бешта энг яхши лойиҳага 10 минг АҚШ долларигача маблағ ажратилади.
Саккизта йўналиш орасидан энг кўп лойиҳалар таълим соҳасига мўлжалланган.
Аризаларни шарҳлаш ва онлайн-суҳбат 24 апрель куни бўлиб ўтади. Танлаб олинганларни лойиҳаларни тест синовидан ўтказиш ва уларни эълон қилиш 30 апрелда амалга оширилади.