Камбағалликдан фаровонлик сари
Президентимиз илгари сурган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ҳудудларда аҳоли турмуш шароитини яхшилаб, тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.

Бойсун туманидаги Ариқ усти маҳалласидаги 523 хонадонда 628 оила яшайди. 31 та кўмакка муҳтож оила ижтимоий реестрга киритилган. Жорий йилда маҳалла “еттилиги” уларни қўллаб-қувватлаб, даромад манбаини яратиш учун бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маҳаллада яшайдиган Гулжаҳон Норқулова икки йил аввал ижтимоий реестрга киритилган эди. Унинг моддий ва маънавий қўллаб-қувватлангани меҳнатга интилувчан аёлни ўз даромадига эга тадбиркорга айлантирди. Эндиликда у оила фаровонлигини таъминлабгина қолмай, маҳалла “еттилиги”га ишсиз хотин-қизларни ишли қилишга ҳам ёрдам бермоқда.

Айни пайтда тикувчилик билан шуғулланаётган Г. Норқулова маҳалладаги беш нафар ишсиз хотин-қизни шогирдликка олиб, уларга касб сирларини чуқур ўргатди. Тикувчилик кўникмаларини оширди. Ўз маблағи ҳисобидан бешта замонавий тикув машинаси билан таъминлаб, уларнинг мустақил меҳнат қилиши ва барқарор даромад манбаига эга бўлишига яқиндан кўмаклашди.
Маҳалла мутасаддиларининг айтишича, бу йил ҳудуддан камбағалликни чекинтириш учун ижтимоий реестрдаги оилаларнинг қизиқиши ўрганилиб, уларнинг бошқа тармоқларда ҳам тадбиркорлик билан машғул бўлиши учун зарур ёрдам кўрсатилмоқда.
Маълумотларга кўра, Сурхондарё вилоятида ўтган йил дастур доирасида 60 минг оиланинг 274 мингдан ортиқ аъзоси камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 9,3 фоиздан 4,5 фоизга туширилди. Жорий йилда воҳада бу кўрсаткични 2,8 фоизга тушириш мўлжалланмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири