Ариқдан сув ичаётган қишлоқ одамлари
Канал бўйлаб юриб, ундан челак-челак сув ташиётган қишлоқ одамларидан бирини суҳбатга тортдик.
Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз тумани вилоятнинг тоғли ҳудудида жойлашган бўлиб, ҳавосининг мусаффолиги, чашмаю булоқларининг зилолдек тиниқ ва ширин сувлари, умуман гўзал табиати билан ажралиб туради. Шундай ҳудудда антисанитария ҳолатидаги ариқ сувини истеъмол қилаётган қишлоқлар бор дейишса, ишонгинг келмайди. Аммо бор экан...
Яқинда тумандаги Бижном қишлоғининг бир гуруҳ аҳолиси номидан ичимлик суви масаласида келган мурожаатга асосан қишлоққа хизмат сафари билан бордик. Кўрдик. Ҳақиқатда аҳвол ачинарли.
Айни пайтда ушбу қишлоқда 2 минг 470 нафар аҳоли, 480 та хўжалик ва 530 та оила яшайди. Қишлоқ оралаб “Танҳоз” дарёсидан сув тушадиган “Ўнг қирғоқ” канали оқиб ўтади. Қишлоқ аҳолиси ушбу каналдан оқиб келадиган сувдан ҳам томорқа учун, ҳам ичимлик суви учун фойдаланишга мажбур. Энг ачинарлиси канал суви қишлоққа келгунча 8 километр масофани босиб, 4-5 та қишлоқдан ўтиб келади ва ҳар хил чиқиндилар ҳам ташлаб юборилади. Энг ёмони каналдаги бу сув ҳам мунтазам оқмайди. Бундай кезларда аҳолининг ичимлик сувини ташиб келиши янада оғирлашади.

Ҳар тугул биз борган куни каналчага сув келган экан. Канал бўйлаб юриб, ундан челак-челак сув ташиётган қишлоқ одамларидан бирини суҳбатга тортдик.
– Сув муаммоси бизда жуда қийин, ука, – дейди шу қишлоқлик Назокат хола Васиева. – Каналда сув бўлмаган пайтларда араваларда узоқ масофадан ташиб, минг машаққат билан олиб келамиз. Узоқ йиллардан бери аҳвол шундай. Қишлоқ жуда қийналган сувдан. Каналчага ҳам қандай бўлиб бир қочқинчи сув келиб қолса, ҳамма идишларимизни тўлдириб қоламиз. Мол-ҳол бор бизда ҳам. Ювин-чайин бор. Овқат қиламиз. Хуллас уйимизда доим бир киши сув таъминоти билан машғул бўлиб туриши керак. Йўқса жуда қийин. Дардимизни ҳеч ким тингламайди. Айниқса, кексаларга қийин. Масалан, бизнинг оиламизда сув ташийдиган ёш йўқ. Кекса бўлсакда баъзан ўзим, баъзан бува боради. Набираларга илтимос қиламиз, роса қийналамиз.
Рости, шу ариқ сувини истеъмол қилинишига ишонмадик. Аҳолининг ҳовлиларига кириб кўрдик. Хонадондаги бор идишлар сувга тўлдирилган. Ҳайрон қолдик. Чунки ариқ суви ниҳоятда ифлосланган. Каналнинг ичида йиғилиб ётган чиқинди уюмлари буни исботлаб турибди.
Таъкидлаш лозимки, ушбу қишлоқда ҳам бир пайтлар, ичимлик суви қудуғи қазилиб, механик босим билан чиқадиган сув минораси қурилган. Аммо бугунги кунда у сув чиқармай қолган.

– Бу муаммо бизни узоқ йиллардан буён қийнайди, – дейди қишлоқ оқсоқолларидан бири Эргаш бобо Азимов. – Мана шу қудуғимиз 70-йилларда қазилган. Шундан 1997 йилгача фаолият кўрсатди. 1999 йилга келиб батамом суви тўхтади. Аҳолидан пул йиғиб, таъмирладик, аммо натижа бўлмади. Сув чиқавермагандан кейин мутахассис олиб келиб кўрсатдик. Ерни тагидаги ўпирилиш туфайли сув чиқмай қолган деди ва сувни батамом ёпиб кетишди. Бошқа жойдан сув чиқариб берамиз, дейишиб, ҳужжатларини қилишди, лекин у иш бўлмади. Шундан буён идорама-идора сарсонмиз. Фақат қоғозбозлик, ваъдабозлик. Мутасаддиларга борсак, дастурга кирган дейди. Маблағ топилса бўлади дейди. Сув оқова деган ташкилотнинг вилоятдаги раҳбарининг олдигача кирдик. Кўзингга қараб одамни алдайди. Дардимизни кимга айтишни билмаймиз. Ҳатто қишлоғимиздаги мактабда ҳам аҳвол шу. Ота-оналар мактабга борадиган болаларининг сумкасига ҳар куни қайнатилган сув солиб юборишади. Илож йўқ.
Демак, 1999 йилда қишлоқ ичимлик суви таъминотидан батамом узилган. Ўтган 21 йил давомида аҳоли мана шундай аҳволда яшаб келишмоқда. Наҳотки, туман мутасаддилари мазкур муаммони бартараф қилишни 21 йилдан буён ўйласа...



– Бу қишлоққа 8 километрлик ичимлик суви тармоғи, 50 километрлик “башня” сув босими орқали сув чиқариш иншооти, артизиян қудуғи қуришни режалаштирганмиз, – дейди Шаҳрисабз туман сув таъминоти бўлими бошлиғи Азамат Дўстмуродов. – Лойиҳа сметалари тайёр. Ҳозир маблағ масаласи ажратилмагани сабабли орқага сурилиб келмоқда. 2020 йилги дастурига киритилган. Қудуқ қишлоқнинг юқори томонидан қурилади. Туманимиз бўйича жорий йилги дастурга 5 та маҳаллани ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича таклифларни берганмиз ва дастурга киритганмиз. Ўшандан 3 таси ўтган. Қани, Қулоч ва Бижном қишлоғи. Лойиҳа сметалари тайёр. Бошлашимиз керак эди. Кўрдингиз март ойидан бери аҳвол шунақа. Худо хоҳласа пандемия тугаса, шу йил охиригача бўлади йўқса 2021 йилга қолади.
Демак, мутасаддининг гапларига таянадиган бўлсак, жорий йилги инвестиция дастурига асосан, маблағ ажратилгач ушбу қишлоқда ҳам яқин орада ичимлик суви муаммоси ижобий ҳал этилади. 21 йил кутган халқ яна озгина сабр қилади. Бунда муаммо йўқ. Аммо айтилган масалалар яна қоғозда режалигича қолиб кетса, мана бу ҳақиқий муаммо. У ҳолда қишлоқ аҳолиси яна узоқ йиллар шу аҳволда ҳаёт кечиришга мажбур бўлади.
Ўйлаймизки, мутасаддилар ваъдасини устидан ҳеч бўлмаса, бу сафар чиқишади.