Қардошлик алоқаларнинг маънавий ришталари ҳам мустаҳкамланмоқда
Китоб авлодлар занжирини мустаҳкамловчи маънавий мерос бўлибгина қолмасдан, балки мамлакатлар халқларини ўзаро яқинлаштирадиган бебаҳо неъматдир.
Ҳар бир давлат аввало ўзининг интеллектуал салоҳиятга эга ва юксак маънавиятли халқи билан тараққиётга эришади. Бундай фазилатли халқ шаклланишининг асосий манбаи китоб ва кутубхоналардадир. Шу жиҳатдан сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшларнинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, она Ватанимиз ва халқимизга муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялашда китобхонлик ва китоб тарғиботини кучайтириш, ахборот-кутубхона фаолиятини такомиллаштиришга алоҳида эътибор берилмоқда.
Зеро, жамиятда китобхонлик маданиятини қарор топтириш унинг маънавий асосларини мустаҳкамлайди, унинг илмий дунёқарашини шакллантиради, ижобий характерни таркиб топтиради, миллий қадриятларни инсонлар ҳаётидан мустаҳкам ўрин эгаллашига замин яратади.
Китоб авлодлар занжирини мустаҳкамловчи маънавий мерос бўлибгина қолмасдан, балки мамлакатлар халқларини ўзаро яқинлаштирадиган бебаҳо неъматдир.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Президентимизнинг 19-20 февраль кунларидаги Туркияга олий даражадаги ташрифи давомида Туркия Президентининг Халқ кутубхонаси очилиш маросимида иштироки ва нутқ сўзлаши икки мамлакатлар ўртасидаги маънавий ва маданий алоқаларнинг янада ривожланишида муҳим аҳамият касб этди.
Маълумки, ушбу икки давлатни бирлаштирадиган муштарак жиҳатлар жудаям кўп. Бунга тарихдан кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин. Масалан, буюк мутафаккир шоир, бобокалонимиз Алишер Навоийнинг туркий тилнинг ривожланишига қўшган улкан ҳиссаси барча туркий тилли давлатлар томонидан эътироф этилади.
Алишер Навоийнинг бебаҳо мероси туркий халқларни маънавий жиҳатдан бирлаштиришга хизмат қилиб келмоқда. Асрлар мобайнида унинг ижоди Туркия заминида севиб ўқилганлиги тарихдан маълум.
Бундан ташқари, Мирзо Улуғбекнинг садоқатли шогирди машҳур астроном ва математик Али Қушчи умрининг сўнгги йилларини турк султонлари саройида яшаб, сермаҳсул ижод қилганлигини яхши биламиз.
Ўзбекистонда Президентимиз раҳнамолигида китобга бўлган муҳаббатни кенг тарғиб этиш, турли халқларнинг етук мутафаккир ва алломалари асарларини ўзбек тилига таржима қилиш яхши анъанага айланиб бормоқда.
Бу ўзгариш, ҳаттоки, мамлакатимизнинг ўзига хос дипломатик ёндашуви сифатида хорижий ҳамкорларимиз билан икки томонлама алоқаларни муштарак қадриятлар асосида янада мустаҳкамлаш имконини бермоқда.
Давлатимиз раҳбарининг хорижий юртларга ташрифига эътибор қаратадиган бўлсак, ўша давлатлар ва халқларнинг буюк алломалари, ёзувчию шоирларига бўлган чексиз ҳурмат ва эҳтиромни кўришимиз мумкин. Туркияга ташриф ҳам бу эзгу анъаналар бардавомлигига таянган ҳолда ўтди ва турк элининг энг улуғ ижодкорлари асарларининг ўзбек тилига таржима қилинган нусхалари тақдим этилди.
Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг илк йиғилиши ва ташриф доирасида бўлиб ўтган барча тадбирлар муштарак маданият, умумий тил ва ўхшаш қадриятларга эга икки қардош халқ ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Лазиз МИНГИШОВ,
иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори