Ҳарбийлар учун муносиб туҳфа
Тадбирнинг расмий қисми якунлангач, тантанага ташриф буюрган меҳмонлар бинонинг ичкарисига кириб, яратилган шароитлар билан танишди.
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни
Шу муносабат билан ўтказилган тантаналарда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Тошкент ҳарбий округи, вилоят ва Гулистон шаҳар ҳокимлиги, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят ва шаҳар кенгашлари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири, генерал майор Б.Қурбонов, вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев ва бошқалар армия тизмида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳарбий хизматчилар ҳаёти ва иш фаолиятида ҳам ўзининг ёрқин самараларини бераётганини, бу ўз навбатида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Тадбирнинг расмий қисми якунлангач, тантанага ташриф буюрган меҳмонлар бинонинг ичкарисига кириб, яратилган шароитлар билан танишди.
Замонавий қулайликлар яратилган вилоят мудофаа ишлари бошқармасининг янги биноси махсус лойиҳа асосида бир йил мобайнида барпо этилди.
Иншоотдаги мавжуд 40 хизмат хоналари, маънавият ва мажлислар заллари, кутубхона, 40 ўринли ошхона, навбатчилар учун кийиниш, ечиниш, ювиниш хоналари юқори сифатда барпо этилиб, замон андозалари даражасида пардозланди.
Барча коммуникация тармоқлари инновацион технологиялар асосида барпо этилиб, объектга ишлатилган қурилиш материаллари 100 фоиз маҳаллий маҳсулотлар ҳисобидан тикланди.
Объект атрофида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, турли манзарали дарахт ва гул кўчатлари экилди. Иншоот атрофи темир панжара билан ўралиб, барча хона ва бинонинг ташқари қисмига назорат камералари ўрнатилди.
Мирзаобод туманидаги сафарбарлик чақируви резерв баталиони аскарлари учун янгидан барпо этилган 800 ўринли замонавий ошхонада 40 нафар мирзаободликлар доимий иш билан таъминланди.
– Ошхонадан ташқари, сафарбарлик чақирув резерви баталиони аскарлари ва ушбу ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилар учун 12 қатнов ўринга эга тиббий пункт хонаси, очиқ спорт мажмуаси ҳам янгидан барпо этилди, – дейди “Brk Impeks“ МЧЖ раҳбари М.Каримкулов. – Ушбу объектнинг қурилиш-монтаж ва жиҳозлаш ишларига 7 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири, генерал майор Б.Қурбонов ҳамда Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев сўзга чиқди.