Ҳарбийлар Бобур ижодини ўрганмоқда
Унда Олмазор тумани Чиғатой-Дарвоза маҳалласи фаоллари, уюшма вакиллари, курсантлар иштирок этди.
Адиблар хиёбонида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия Ҳарбий-техника институти Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказди.
Унда Олмазор тумани Чиғатой-Дарвоза маҳалласи фаоллари, уюшма вакиллари, курсантлар иштирок этди.
Тадбирни институтнинг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўлими бошлиғи, подполковник Даврон Ўринов кириш сўзи билан очиб, ҳарбийларни тайёрлашда Бобурнинг ҳаёт йўли, тажрибаларини курсантларга ўргатишнинг аҳамияти катта эканини таъкидлади.
Дарҳақиқат, миллатимиз маънавияти ва адабиётининг сўнмас сиймоси Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарлари теранлиги ҳамда бадиий юксаклиги билан башарият мулкига айланган. Улуғ мутафаккирнинг ижод намуналари ёш авлодни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялаш, умумбашарий ғоялар улуғланиши орқали инсонларни комилликка етаклаш, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлашда муҳим маънавий қалқон вазифасини ўтайди. Шу боис, уларнинг адабий меросини ўрганиш, ўсиб келаётган авлодга бу бой хазинанинг қадри нақадар қимматли эканини тушунтириш муҳим вазифалардан биридир.
Тадбирда сўз олган ёзувчи Маъмура Зоҳидова, профессор Жумабой Раҳимов Бобур ижоди ва ҳаётининг ана шундай энг нозик нуқталарига эътибор қаратишди.
Шундан сўнг, курсантлар томонидан Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазалларидан намуналар ўқилди, саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Зулайҳо Аҳмаджонова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
ахборот хизмати мутахассиси.