Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и
қ а р о р и
Мамлакатда аҳоли соғлиғини сақлаш ва яхшилашни таъминлайдиган самарали соғлиқни сақлаш тизимини яратиш, соғлом авлодни тарбиялаш учун зарур шарт-шароитларни шакллантириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.
Тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида босқичма-босқич миллий тиббий таълимни модернизациялаш, мазкур соҳага халқаро таълим стандартлари ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш, аҳоли соғлиғини сақлашнинг долзарб муаммолари юзасидан илмий тадқиқотларни ўтказиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ҳарбий тиббиёт тизимида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга тўсқинлик қилаётган бир қанча муаммолар сақланиб қолмоқда. Хусусан:
биринчидан, ҳарбий тиббиёт мутахассисларининг узлуксиз касбий тайёргарлигини таъминлаш, уларнинг малакасини ошириш, кўникмаларини замонавий талабларга мослаштиришнинг амалий тизими жорий қилинмаган;
иккинчидан, ўқув жараёнида инновацион ишланмалар ва технологиялардан фойдаланишнинг паст даражада эканлиги оқибатида ҳарбий-тиббий кадрларни тайёрлаш ҳамда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига самарали тиббий ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш тизимига замонавий усул ва ёндашувларни татбиқ қилиш имкони мавжуд эмас;
учинчидан, фавқулодда ҳолатлар (вазиятлар) оқибатларини бартараф этишда иштирок этадиган ва ушбу йўналишда ташкилий-профилактика ишларни олиб борадиган юқори малакали ҳарбий тиббиёт мутахассисларини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш талаб этилмоқда.
Юқори малакали офицер кадрлар тайёрлаш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, улар учун узлуксиз, босқичма-босқич ва мақсадли ўқитиш тизимини яратиш ҳамда ҳарбий-тиббий соҳада таълим, фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида:
1. Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Ҳарбий-тиббиёт факультети негизида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг юридик шахс мақомига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий тиббиёт академияси (кейинги ўринларда − Академия) ташкил этилсин.
2. Қуйидагилар Академиянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирликлар ва идоралар учун ҳарбий тиббиёт соҳасида замонавий талабларга жавоб берадиган кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
тиббиёт соҳасида тор мутахассисларни, илмий-педагогик кадрларни ҳамда захира ва резервдаги тиббиёт хизмати офицерларини тайёрлаш;
таълим жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик ва инновацион тиббиёт технологиялари, замонавий ўқув дастурлари ва ўқув-услубий ёндашувларни кенг жорий этиш;
ҳарбий тиббиёт амалиётида мавжуд муаммоларнинг ечимига қаратилган фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш;
миллий ва хорижий етакчи олий, олий ҳарбий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари билан ўзаро ҳамкорликда таълим жараёнини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш соҳасида илмий тадқиқотларни ўтказиш;
таълим олувчиларни инсонпарварлик ва юксак маънавий ғоялар асосида, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш.
3. Белгилансинки, Академия:
давлат олий ҳарбий таълим муассасаси ҳисобланади;
Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Ҳарбий-тиббиёт факультетининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири ва давлат тилида номи туширилган муҳр, банк ҳисобварағи ва хорижий валютадаги банк ҳисобварағи, штамп ва бошқа реквизитларга эга бўлади.
4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
Академияда таҳсил олиш учун 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб номзодлар Ўзбекистон Республикаси олий тиббий таълим муассасалари даволаш факультетларининг бешинчи босқичини ва тиббий-профилактика факультетларининг тўртинчи босқичини тамомлаган, ўқиш якунлари бўйича энг юқори натижаларни кўрсатган, ўқишини Ҳарбий тиббиёт академиясида давом эттириш ва келгусида контракт бўйича ҳарбий хизматни ўташ истагини билдирган, шунингдек, соғлиғининг ҳолатига кўра ҳарбий хизматга яроқли бўлган талабалар орасидан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан танлаб олинади;
Академияда курсантларнинг мажбурий икки йиллик ўқиши икки босқичли ҳарбий тиббиёт ўқув дастури асосида: биринчи йил – бакалавриатда, иккинчи йил – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари учун зарур бўлган мутахассисликлар бўйича ҳарбий интернатурада амалга оширилади;
Академиянинг бакалавриат босқичини тамомлаган курсантларга дастлабки “тиббий хизмат лейтенанти” ҳарбий унвони ва “ҳарбий врач” мутахассислигини берадиган давлат намунасидаги диплом ҳамда ҳарбий интернатурани тамомлагач, навбатдаги “тиббий хизмат катта лейтенанти” ҳарбий унвони ва тегишли мутахассислик берилганлиги тўғрисида белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади;
Академиянинг ҳарбий тиббиёт ўқув дастури асосида таълим олган битирувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси олий тиббий таълим муассасалари даволаш ва тиббий-профилактика факультетларидаги ўқиши Академиядаги ўқишга тенглаштирилади;
тиббиёт соҳасидаги тор мутахассисликлар бўйича тиббиёт кадрлари Академиянинг клиник ординатура ва магистратурасида, илмий-педагогик кадрлар эса унинг докторантурасида тайёрланади;
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпитали Академиянинг ўқув ва клиник базаси, шунингдек, асосий таъминот маркази ҳисобланади.
5. Академияга 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:
Ўзбекистон Республикасининг бошқа тиббий таълим муассасаларини битирган тиббиёт ходимларини тўлов-контракт асосида қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга;
ҳукуматлараро битим ва шартномалар асосида хорижий давлатлар учун тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга рухсат этилсин.
6. Академия тузилмасида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ҳарбий тиббиёт илмий-тадқиқот институти ташкил этилсин ва унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
санитария-эпидемиологик манбаларни, ҳодисаларни, омилларни ва биологик хавфсизлик тўғрисидаги қарашларнинг шаклланишини илмий жиҳатдан ўрганиш, замон талабларига жавоб берувчи, биологик таҳдидларга тезкор жавоб қайтара оладиган самарали тизимни шакллантириш ва ривожлантириш бўйича изланишлар олиб бориш;
аҳоли ва шахсий таркибнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги илмий тадқиқотларни олиб бориш, юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларни таҳлил қилиш ва уларга қарши илмий асосланган мажмуавий тадбирларни ишлаб чиқиш, биологик хавфларни назорат қилиш тизимини мувофиқлаштириш;
биологик хавфсизлик соҳасида миллий кадрларни тайёрлаш ва соҳага оид илмий тадқиқотларнинг олиб борилишида ўқув-илмий марказ сифатида фаолият юритиш;
илмий асосланган ишланмаларни яратиш ва амалиётга татбиқ этиш мақсадида қўшинларнинг тиббий таъминотини ташкил этиш тажрибасини ва мавжуд муаммоларни ўрганиш.
7. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий тиббиёт академиясининг ташкилий-штат тузилмаси 1-иловага;
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий тиббиёт академиясида ўқитиладиган мутахассисликлар (йўналишлар) рўйхати 2-иловага;
Тиббиёт соҳасида ҳарбий кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини ташкил этиш бўйича “йўл харитаси” 3-иловага;
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий тиббиёт академияси контракт бўйича ҳарбий хизматчиларининг эгаллаб турган лавозимлари бўйича асосий ҳарбий унвонлари ва тариф разрядлари рўйхати 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Академияни ташкил этиш унинг ташкилий-штат тузилмасига асосан 40 та курсант ва 100 та тингловчи штат бирликлари Мудофаа вазирлигига қўшимча, қолган штат бирликлари эса – Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларининг белгиланган чекланган умумий сони доирасида ажратилиши орқали амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирига, зарурат бўлганда, Академиянинг ташкилий-штат тузилмасига Мудофаа вазирлиги қўшинларининг белгиланган чекланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
8. Академия Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Зиёлилар кўчаси, 4-уй манзили бўйича 83-сон ҳарбий шаҳарча ҳудудида текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Ҳарбий тиббиёт факультетига 2019 йилда ўқишга кирган курсантларнинг таҳсил олишини 2020/2021 ўқув йилида амалдаги таълим дастурлари бўйича Тошкент тиббиёт академияси ва Академиянинг базаларида якунлаш чораларини кўрсин;
Академиянинг 2021 йил битирувчилари орасидан ўқиш якуни бўйича энг юқори кўрсаткичларга эга бўлганларга ҳарбий интернатурада ўқишни давом эттиришга рухсат берилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирига, истисно тариқасида, Академиянинг Ҳарбий тиббиёт илмий-тадқиқот институти офицерлар таркиби лавозимларини контракт бўйича ҳарбий хизматни ўташ истагини билдирган тиббиёт соҳасидаги юқори малакали фуқаро мутахассислар ҳисобидан бутлашга, бунда уларни тиббий кўрикдан ўтказиш натижаларига кўра дастлабки ва ҳарбий-касбий саралашни ўтказмай, шунингдек, ҳарбий хизматда бўлишнинг белгиланган ёш чегарасига етганлигидан қатъи назар, контракт бўйича ҳарбий хизматга олишга ҳамда катта офицерлар таркиби ҳарбий унвонларини беришга рухсат берилсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Академия ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш жамғармаларини ташкил этишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда киритсин.
12. Белгилансинки:
а) Академиянинг педагогик фаолият билан шуғулланувчи раҳбари, раҳбар ўринбосарлари ва профессор-ўқитувчилар таркибига ҳамда Ҳарбий тиббиёт илмий-тадқиқот институтининг раҳбари ва илмий ходимларига қуйидаги миқдорда ойлик устама тўланади:
базавий лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида – фуқаро таркибидаги ишчиларга;
асосий лавозим маошининг 100 фоизи миқдорида – контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга;
б) Академия ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтининг бош, етакчи, катта ва кичик илмий ходимлари лавозимларидаги фуқаро ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш қонунчиликда белгиланган бюджет маблағлари ҳисобига фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишларнинг илмий-техника дастурларини амалга оширишда қатнашувчи илмий-тадқиқот муассасалари илмий ва раҳбар ходимларининг базавий лавозим маошларига тенг миқдорда амалга оширилади;
в) Академияда ўқув ва ўқув-амалий машғулотларни ўтказишга бевосита жалб қилинадиган республиканинг бошқа тиббиёт муассасалари мутахассисларига педагогик фаолиятнинг ҳар бир академик соати учун Академия томонидан Ўзбекистон Республикасида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ тўланади;
г) Академиянинг таъминоти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, Мудофаа вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига амалга оширилади.
13. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2021/2022 ўқув йили бошлангунига қадар:
Академияга профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар таркибининг танловини ўтказсин ҳамда вакант лавозимлар, уларга қўйиладиган талабларни ҳисобга олган ҳолда, тегишли ихтисосликдаги юқори малакали мутахассислар билан белгиланган тартибда бутласин;
Академиянинг ўқув жараёни ва илмий-тадқиқот фаолиятига, шу жумладан, шартнома асосида, етакчи миллий ва хорижий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотларнинг малакали мутахассислари ва экспертларини жалб этсин;
илғор миллий ва хорижий олий таълим, ихтисослаштирилган ва илмий-амалий марказ ҳамда илмий-тадқиқот институтларининг кадрлар салоҳияти ва моддий-техника базасидан фойдаланган ҳолда Академиянинг профессор-ўқитувчилар таркиби ва илмий ходимларининг касбий тайёргарлигини доимий равишда такомиллаштириб боришни таъминласин.
Академия бошлиғига таълим соҳасида миллий ва халқаро олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари билан белгиланган тартибда икки томонлама тегишли келишув ва шартномалар тузиш ҳуқуқи берилсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги:
икки ой муддатда Академиянинг инфратузилма объектлари қурилишини жадаллаштириш юзасидан Ҳукумат қарори лойиҳасини;
уч ой муддатда Академияни замонавий ўқув жиҳоз ва буюмлари, лаборатория қурилмалари ва тренажёр комплекслари билан таъминлашни назарда тутадиган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий тиббиёт академиясининг инфратузилмаси ҳамда ўқув-моддий базасини яратиш ва такомиллаштириш бўйича комплекс дастурни ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги мазкур қарорда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун Мудофаа вазирлигига 2021 йилда ва келгуси йилларда қўшимча марказлаштирилган капитал қўйилмалар лимитлари ва бюджет маблағларини ажратсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В.Махмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 22 октябрь