Ҳарбий раҳбарлар тақдирланди
Чилонзор тумани Мудофаа ишлари бўлими, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг мактабгача таълим факультети ҳамда туман ҳалқ таълими бўлими томонидан ташкил этилган тадбирда соҳа мутахассислари ва ёшлар иштирок этди.
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни
Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 28 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллеж ва академик лицейларда чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанидан ёшларга сабоқ бераётган ҳарбий раҳбарларга ташаккурномалар ва эсдалик совғалари топширилди.

Чилонзор тумани Мудофаа ишлари бўлими, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг мактабгача таълим факультети ҳамда туман ҳалқ таълими бўлими томонидан ташкил этилган тадбирда соҳа мутахассислари ва ёшлар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Чилонзор тумани мудофаа ишлари бўлими бошлиғи подполковник Ислом Юсупов, туман ҳалқ таълими бўлими бошлиғи Ольга Мадалиева ва бошқалар мамлакатимиз тинчлиги ва барқарор ривожланишини таъминлаш йўлида садоқат билан хизмат қилаётган, ўқув муассаларида ёш авлод қалбига Ватанни севиш, уни асраб-авайлаш каби олий фазилатларни шакллантиришда тинимсиз меҳнат билан изланаётган тизим заҳматкашлари меҳнати ўз самарасини бераётганини алоҳида таъкидлади.

Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 28 йиллик байрами муносабати билан Чилонзор туманидаги мактабгача таълим ташкилотларида “Мен ҳам Ватан ҳимоячисиман”, умумтаълим мактабларида “Мардлар қўриқлайди Ватанни!”, касб-ҳунар коллеж ва академик лицейларда “Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати”, олий ўқув юртларида “Шу азиз Ватан – барчамизники!” каби шиорлар остида ташкил этилган байрам тадбирлари кенг нишонланди. Унда ёшлар фаол иштирок этиб, машғулот ва амалий дарсларда билимларини намойиш қилди.








Тадбирда ёшлар ижросида намойиш этилган Ватанни мадҳ этувчи турли саҳна кўринишлари ва қўшиқлар барчага манзур бўлди. Ҳарбий ватанпарварлик ойлигида муносиб қатнашган ўқув муассасаларидаги ҳарбий раҳбарлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Шерзод ҲИКМАТОВ,
Чилонзор тумани
Мудофаа ишлари
бўлинмаси бошлиғи.