Аралаш таркибдаги жанговар техника ва бўлинмалар машғулоти
Марказий ҳарбий оркугга қарашли “Каттақўрғон” полигонида аралаш таркибдаги жанговар техника ва бўлинмалар билан навбатдаги амалий машғулотлар ўтказилди.
Марказий ҳарбий оркугга қарашли “Каттақўрғон” полигонида аралаш таркибдаги жанговар техника ва бўлинмалар билан навбатдаги амалий машғулотлар ўтказилди.
Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.
Машғулот уч кун муддатда доимий жанговар шайликдаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда ўтказилиб, унда бир вақтнинг ўзида 30 га яқин ўқув жойларида отиш машқлари ташкил этилди.
Дастлаб, вертолёт авиацияси орқали махсус бўлинмалар белгиланган жойга десантлаштирилди. Шундан сўнг, разведка маълумотларига таяниб, артиллерия бўлинмалари 15 километр масофадаги, “зенит”чилар эса ҳаводаги нишонларни бирин-кетин яксон қилди.
Жанговар танклар машқ бажариш қоидасига кўра, ёндан ҳаракатланди. 125 мм.ли тўплардан отилган “осколкали парчаланувчи”, “кумулятив” ҳамда “зирҳтешар” снарядлар 1200 метр масофадаги мўлжални йўқ қилди. Шунингдек, танкчилар билан амалий ҳайдаш машғулотлари ҳам ташкил этилди.
Ҳарбий хизматчилар штатдаги кичик калибрли қуроллардан жанговар тайёргарликнинг янгича усулларини қўллаган ҳолда машқ бажарди.
Аралаш таркибдаги машғулот Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан ижобий баҳоланди.