Ҳар бир оилага мадад ва кўмак
Ғиждувон туманида 1985 та эҳтиёжманд оилалар мавжуд.
Бухоро вилоятида Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан ҳукуматнинг тегишли фармойишига асосан “Саховат ва кўмак” фонди орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ёрдамлар тарқатилди.
Улуғ айём арафасида хайру саховат, меҳр-оқибат, инсонпарварлик сингари азалий анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда кенг тарғиб этиш, халқимизнинг эзгу ният ва орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоятнинг барча ҳудудларидаги сектор раҳбарлари иштирокида “Саховат ва кўмак” фонди орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ҳар томонлама моддий кўмак берилмоқда.
– Вилоятнинг 50 минг нафар эҳтиёжманд оилаларга жами 10 миллиард сўм моддий ёрдам маблағлари сектор раҳбарлари бошчилигида тарқатилди, – дейди вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Дилфуза Мустафоева. – Биргина вилоятнинг Шофиркон тумани Қалмақон маҳалла фуқаролар йиғинида 51 та эҳтиёжманд оиланинг 224 нафар аъзосига 44 миллиаон 800 минг сўм моддий ёрдам кўрсатилди. Ёки мазкур маҳалла фуқаролар йиғини Қалмақон кўчасида яшовчи фуқаро Робия Болтаева хонадонида ана шундай эҳтиёжманд 7 нафар оила аъзоларига 1 миллиаон 400 минг сўм моддий кўмак берилди.
– Ҳайит байрами арафасида давлат раҳбарининг биз эҳтиёжманд оилаларга қилган ғамхўрликларини ҳис этдим, дейди Қалмақон МФЙ Ф.Хўжаев кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Раҳима Муҳаммадиева. – Оиламизда 4 нафар ногиронларимиз мавжуд. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида 800 минг сўм моддий кўмак олдик. Давлатимиз раҳбарига буннг учун миннатдорлик билдираман.
Ромитан тумани ҳокими Хуршид Тоҳиров бошчилигида сектор ҳудудидаги 207 та хонадонда истиқомат қилаётган 497 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқароларга “Президент совғаси” сифатида 99,4 миллион сўм пул маблағлари топширилди.
Ҳукуматнинг тегишли фармойишига асосан "Саховат ва кўмак" фонди орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож олотлик оилаларга ҳам моддий ёрдам тарқатилди. Президентимиз томонидан Қурбон ҳайити байрами муносабати билан Олот тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Наргиза Нематова томонидан тумандаги эҳтиёжманд оилаларга 707 миллион сўм пул маблағлари ажратилди. Туманда камбағал оилалар 1 минг 877 тани ташкил этади. Мазкур оилаларда 7 минг 725 нафар аҳоли истиқомат қилади. Мазкур пул маблағлари ҳудудлар кесимида сектор раҳбарлари томонидан эҳтиёжманд оилаларга етказилди.
Ғиждувон туманида 1985 та эҳтиёжманд оилалар мавжуд. Уларда 8 минг 145 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар яшайди. Бу инсонларга ҳам “Саховат ва кўмак” фонди орқали 745,6 миллион сўм моддий ёрдам тарқатилди.
