Ҳар бир мурожаат эътиборда
Бухорода Президент Администрацияси, Халқ қабулхонаси, шунингдек, 20 га яқин вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирокида сайёр қабул ўтказилмоқда.
Бухорода Президент Администрацияси, Халқ қабулхонаси, шунингдек, 20 га яқин вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирокида сайёр қабул ўтказилмоқда.
Сайёр қабулнинг биринчи кунида Бухоро ва Когон шаҳарлари, Қоровулбозор ҳамда Когон туманлари фуқароларининг муаммолари ўрганилди.
Юридик ва жисмоний шахслар томонидан тушган мурожаатларни кўриб чиқишда вазирлик ва идоралар мутасаддилари, вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаров ва секторлар раҳбарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, тегишли ташкилот, идора ва муассасалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мутасаддилари ҳам иштирок этди.
Қабул давомида 442 нафар фуқаронинг жами 449 та масала бўйича мурожаатлари келиб тушди. Шулардан 136 та мурожаат ижобий ҳал этилиб, 55 та мурожаатга ҳуқуқий маслаҳат берилди. 68 та мурожаатга тушунтириш ишлари олиб борилиб, 190 та мурожаат ижро учун назоратга олинди.
– Когон тумани Кулолон қишлоғидаги 12 та хонадон сув билан таъминланмай қолган, – дейди мазкур қишлоқда яшовчи Мурод Турдиев. – "Уй сув таъминот" АЖ вакиллари мурожаатимизни ижобий ҳал этди. Бундан хурсандмиз.
– Дарҳақиқат, мазкур масалада маҳаллий ҳокимият вакиллари билан келишган ҳолда қувурлар ётқизилиб, сув билан таъминлаш ишлари бошланди, – дейди "Уй сув таъминот" АЖ бошқарма бошлиғи Бердимурод Турсунов. – Тез кунларда мазкур хонадонлар ҳам тоза ичимлик суви билан таъминланади.
Қабул давомида ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, инсон ҳақ-ҳуқуқлари, ички ишлар, прокуратура ва суд ишлари билан боғлиқ ҳаракатлар, шунингдек, уй-жой таъминоти, соғлиқни сақлаш, жойларда тиббий хизмат сифатини яхшилаш, имтиёзли кредитлар ажратиш, қолаверса, ички йўлларни таъмирлаш, газ ва электр таъминоти, коммунал хизмат, меҳнат ва бандлик йўналишларига оид кўплаб мурожаатлар келиб тушди.
Энг кўп мурожаат тушган соҳа ички ишлар фаолиятига оид бўлиб, 64 тани ташкил этди. Суд қарорлари юзасидан 53 та, прокуратура органларига 48 та, иш билан таъминлаш бўйича эса 24 та мурожаат келиб тушган.
Вилоятда сайёр қабуллар давом этмоқда.