Президентимиз томонидан имзоланган ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга қаратилган икки муҳим фармон суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишнинг янги босқичини бошлаб берди.
Президентимиз томонидан имзоланган ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга қаратилган икки муҳим фармон суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишнинг янги босқичини бошлаб берди.
Бу 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 10 августдаги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлардир.
Номи қайд этилган биринчи фармон бир-бирини такрорловчи суд инстанцияларини бартараф қилишга, инвесторлар ҳуқуқларининг суд ҳимоясида бўлишини етарли даражада таъминлашга, суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ қайта кўриб чиқишга қаратилган.
Иккинчи фармон эса суд-тергов босқичида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлашга, суриштирув ва тергов ҳаракатларининг сифатини оширишга қаратилган. Шахсга нисбатан қонунга зид хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида тергов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этилади. Суриштирув ва дастлабки тергов органларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва кадрлар салоҳиятини оширишга эътибор қаратилади.
Жиноят процессига мутлақо янги институтлар жорий этилиши билан биргаликда мавжудлари такомиллаштирилмоқда. Айбига иқрорлик бўйича келишув институтини жорий қилиш назарда тутилган. Ушбу институт миллий қонунчилигимизда мутлақо янгилик ҳисобланади.
Унга кўра, айрим жиноятлар тоифалари бўйича шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган ҳолларда суриштирув ва дастлабки тергов органлари билан ёзма келишув тузилади. Унга нисбатан суд томонидан Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан кўп бўлмаган миқдори ва (ёки) муддатигача жазо тайинланади.
Жиноят процессига жорий қилиниши кўзда тутилган навбатдаги янги институт бу – дастлабки тергов босқичида гувоҳ ва жабрланувчининг кўрсатувларини суд томонидан тарафларнинг иштирокида олдиндан мустаҳкамлаб қўйишдир.
Ушбу тартибнинг жорий қилиниши натижасида гувоҳ ва жабрланувчини ортиқча заруриятсиз тергов ва суд идораларига қайта-қайта чақириш ва сўроқ қилиш каби оворагарчиликнинг олди олинади. Уларнинг суд томонидан тарафларнинг иштирокида олдиндан мустаҳкамлаб қўйилган кўрсатувлари суд муҳокамаси давомида далил сифатида инобатга олинади.
Бундан ташқари, мазкур фармонга кўра жиноят процессидаги қуйидаги тартиблар такомиллаштирилмоқда. Хусусан, фармонга кўра, эндиликда жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсни ушлаб туриш муддатини у ҳақиқатда ушланган вақтдан бошлаб ҳисоблаш тартиби жорий этилади.
Амалдаги қонунчиликка кўра, ушланган шахс ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга келтирилиб, бу ҳақда баённома тузилган пайтдан эътиборан ушлаб туриш муддати ҳисобланар эди. Оқибатда ушланган шахс ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга келтирилгунга ва шахсни ушлаб туриш баённомаси тузилгунга қадар ўтган вақт ушлаб туриш муддатига қўшиб ҳисобланмас эди.
Эндиликда жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсни ушлаб туриш муддатини у ҳақиқатда ушланган вақтдан бошлаб ҳисоблаш тартибини жорий этиш шахснинг эркинлигини асоссиз равишда чеклашнинг олдини олишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, фармонга кўра ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар бўйича, шунингдек, шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётганда ҳимоячининг иштирок этиши шартлиги белгиланмоқда.
Амалдаги жиноят-процессуал қонунчилигига кўра, барча турдаги ўта оғир жиноят содир этган шахсларга оид ишлар бўйича ҳимоячининг иштироки шартлиги талаб қилинмасдан, фақатгина жазо чораси сифатида умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин бўлган жиноятларни содир этишда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларнинг иши бўйича ҳимоячининг иштироки мажбурий эди. Эндиликда, барча турдаги ўта оғир жиноят содир этган шахсларга оид ишлар бўйича ҳимоячининг иштироки шарт ҳисобланади.
Бундан ташқари, шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётганда, агар у ишда иштирок этаётган бўлсагина, ҳимоячининг иштирок таъминланар эди. Эндиликда шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётганда, у ишда қатнашаётган ёки қатнашмаётганидан қатъий назар, ҳимоячининг иштирок этиши шарт бўлади.
Фармонга мувофиқ тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш имконияти ҳам бирмунча кенгайтирилмоқда.
Амалдаги қонунчиликка кўра, ярашув институти Жиноят кодексининг 66-1-моддасида назарда тутилган жиноятларга нисбатан фақатгина биринчи босқич суди томонидан қўлланиши мумкин эди. Бироқ, ўрнатилган ушбу тартиб дастлабки тергов органи томонидан айбланувчининг ҳаракати Жиноят кодексининг 66-1-моддасида назарда тутилмаган бошқа оғирроқ жиноят белгиси билан малакаланганлиги аниқланган ёки бўлмаса иш бўйича биринчи босқич судининг ҳукми чиқарилганидан кейин тарафлар ўзаро ярашган тақдирда ҳам ярашув институтини қўллаган ҳолда шахсни жиноий жавобгарликдан озод қилиш имконини бермас эди.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 66-1-моддаси иккинчи қисмидаги ярашув институтини қўллашга оид чекловга кўра, оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилмас эди.
Ушбу чекловлар амалиётда фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган ва баъзи ножўя ҳаракатларни билиб-билмай содир қилган кўплаб фуқароларимизни “судланган” деган тамғадан сақлаб қолиш имконини чеклар эди. Эндиликда қонунчиликдаги мазкур чеклов вояга етмаганларга, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронларига, аёлларга, олтмиш ёшдан ошган эркакларга ва эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.
Энг муҳими, қонунчиликка киритилиши назарда тутилган ушбу ўзгартишлар ярашув институтини кенгроқ қўллаш имконини бериши билан бир қаторда халқимизнинг бағрикенглик, кечиримлилик каби ўлмас қадриятларига ҳам тўла мос келади.
Хулоса сифатида шуни таъкидлаш лозимки, юқорида қайд этилган фармонларнинг мақсади жамиятда адолат устуворлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни изчил давом эттиришдир. Ҳеч бир фуқаро ноҳақлик ва адолатсизликдан жабр кўрмаслиги, ҳуқуқини тиклаш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд идоралари ўртасида сарсон бўлмаслигининг олдини олишни кафолатли таъминлашдир.
Дилшод Тожибоев,
жиноят ишлари бўйича
Тошкент вилоят суди раиси