АҚШдаги сайловлар: кескин кураш давом этмоқда!
АҚШ президентлигига сайловларда дуранг қайд этилиши эҳтимоли бор, дея ўз ҳисоб-китобларига таянган ҳолда хабар бермоқда Россиянинг “РИА Новости” ахборот агентлиги.
Маълумки, АҚШ қонунчилигига биноан, мамлакатда давлат раҳбари сайлови 2 босқичда ўтказилади. Дастлаб барча штатлардан сайловчилар сайлаб олинади ва айнан шу сайлов ҳуқуқини қўлга киритган шахслар кейин президентни сайлашади. Сайловчилар сони 538 — конгресс округлари сонига нисбатан олинган. Демак, 269:269, яъни дуранг натижа юзага келиши ҳам мумкин.
Сайловгача жамоатчилик фикри, турли сўровлар асосида шаклланган тасаввурлар Байденнинг сезиларли устунлигидан дарак бераётгандек эди. Шунга қарамасдан, Трампнинг электорал базаси ҳам жуда мустаҳкам эканлиги аён бўлиб қолди.
Воқеалар ривожи қай йўсинда кетмасин, АҚШ президенти сайловларининг якуний натижаси ҳали замон эълон қилинмаса керак. Сабаби, бу гал жуда кўпчилик почта орқали овоз берган ва бермоқда. Асосий баҳс шу жиҳат билан боғлиқ бўлиши мумкин.
АҚШ сайловлари тизимининг яна бир мураккаб томони шундаки, бунда назарий жиҳатдан ҳар қандай штат сайловлар тақдирини ҳал этиб қўйиши эҳтимоли мавжуд, аммо амалда натижалар вазият дам у томон, дам бу томонга оғиб турган штатлар кўрсаткичига боғлиқ бўлиб қолади. Зеро, айнан шундай ҳудудларда у ёки бу номзоднинг сезиларли устунлиги ҳақида олдиндан айтиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам ҳозир айнан шундай ҳолат юзага келган, яъни ҳар икки номзодда сайланиш имконияти деярли бир хил сақланиб турибди. Энг қизиғи, ҳар икки даъвогар ўз ғалабасига ишонмоқда.
Амалдаги президент - республикачи Дональд Трамп ва унинг рақиби – демократ Жо Байден сайлов якуний натижалари эълон қилинганда сайловчиларнинг тенг овозини тўплаши ҳам мумкин. Масалан, кеча кун давомида ҳар икки номзод курашни бир-бирига жуда яқин турган ҳолда давом эттиришди. Қайси штатларда тарафдорлари кўплигига қараб, улар дамба-дам пешқадамлик мавқеини навбат билан эгаллаб туришди.
Трамп, сайловдан олдинги тахминларга терс равишда Байдендан ўзи учун жуда зарур бўлган Флорида, шунингдек Шимолий Каролина ва Жоржия штатларини , таъбир жоиз бўлса, "тортиб олди". Амалдаги президент Техасда ҳам устунлигини сақлаб турибди, кичик фарқ билан Пенсильвания, Огайо, Мичиган ва Висконсин штатларида етакчилик қиляпти. Трамп овоз бериш натижаларини ўзи учун “катта ғалаба”, деб атади. Дарвоқе, Трампни аввалги, 2016 йилги сайловларда кўпчилик менсимаганди, мутахассислар унинг имкониятларини жуда паст баҳолагандилар. Шунга қарамасдан, Трамп президентликка муносиблигини исботлай олган. Демак, бу гал ҳам уни ҳисобдан эрта чиқариш тўғри эмас.
Байден сайлов натижаларининг аниқ бўлиш муддати бир неча кунга чўзилиши мумкинлигини айтган. Унинг фикрича, даъвогарлар ҳозирдан ўз ғалабалари ҳақида жар солиши нотўғри.
Интернет материаллари асосида
Ғайрат ХОННАЗАРОВ тайёрлади, ЎзА