АҚШда снаряд заводи портлади
АҚШнинг Теннесси штатида жойлашган “Accurate Energetic Systems” (AES) ҳарбий снаряд ишлаб чиқариш заводида содир бўлган кучли портлаш оқибатида ҳалок бўлган шахслар исм-шарифи расман эълон қилинди.
10 октябрь куни эрталаб Хикман округида юз берган ҳодисада ишчилардан ҳеч ким тирик қолмаган. Хикман ва Хэмфрис округлари шерифлари Жейсон Крафт ҳамда Крис Дэвис матбуот анжуманида қурбонлар рўйхатини ўқиб эшиттирди ва уларнинг оилаларига ёрдам кўрсатиш зарурлигини таъкидлади.
Қайд этилишича, портлаш сабаби ҳали аниқламаган. Айни пайт Спиртли маҳсулотлар, тамаки, қурол ва портловчи моддалар бўйича федерал бюро (ATF) томонидан тергов олиб бориляпти.
Ҳокимият вакили таъкидлашича, исмлар эълон қилиниши жасадлар тўлиқ топилганини англатмайди – идентификация жараёни давом этмоқда.
Фожиа жойида ҳаводан олинган тасвирда ёнган машиналар, вайрон бўлган бинолар кўринади. Геология хизмати портлаш кучи 1,6 магнитудали зилзилага тенг бўлганига урғу берган.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА