Америка Қўшма Штатларида дунёга машҳур композитор Фридерик Шопеннинг аввал ҳеч қаерда учрамаган вальси топилди. Мутахассислар 200 йиллик асарнинг ҳақиқийлигига шубҳа қилмаяпти.
“Euro News” ёзишича, Нью-Йоркдаги Морган кутубхонаси ва музейи ходими Робинсон Макклеллан ашёлар сақланадиган хонани тартибга солаётиб, ўзи илгари кўрмаган мусиқа қўлёзмасига дуч келди. Варақ бурчагида Шопен исми қайд этилган экан.

Мутахассис ёрдам сўраб таниқли бастакор ижоди тадқиқотчиси Жеффри Каллбергга мурожаат қилди. Қоғоз, сиёҳ ва қўл ёзуви диққат билан текширилганда аниқланишича, белгилар Шопенга хос, материаллар ҳам ўша даврига мос келади.
Морган музейи масъуллари топилма ҳақиқатан польшалик бастакорнинг ҳозиргача номаълум вальси, дея таъкидламоқда.
Партитура 1830-1835 йиллар – Шопен 20 ёшга тўлган вақтга тўғри келади.

– Биз ўз хулосамизга тўлиқ ишонамиз, – деди Макклеллан. – Бу ярим аср ичидаги илк шундай кашфиёт. Аввал учраган бошқа ўхшаш топилмалар эса мутахассисларда муайян шубҳа уйғотган.
Стейнвей-холлда асарни ижро этган пианиночи Лан Лан сўзларига эътибор беринг:
– Бу ҳақиқий Шопен! Унинг энг мураккаб эмас, балки ўзига хос услуби ифодаланган асари.
Хитойлик ижрочи таассуротига кўра, Вальс тўсатдан авж нотада бошланиши Польша қишлоғидаги қаҳратон қишни эслатади.
М.Пирматова, ЎзА