АҚШда ўзбек масжиди барпо этилмоқда
Америка Қўшма Штатларининг Цинциннати штатида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги Ўзбекистон жоме масжиди барпо этилмоқда. “Hamkor Uz Cincinati Association” ўзбек диаспораси ташкилоти мулки сифатида қурилаётган масжид 2,7 гектар майдондан иборат.
Айни пайтда “Hamkor Uz Cincinati Association” ўзбек диаспораси ташкилоти Огайо штатининг архитектура ва қурилиш компаниялари ўртасида қурилажак бинони лойиҳалаш ва дизайн сметаларини тайёрлаш бўйича танлов эълон қилган. Маълумотларга кўра, мажмуа ҳудудида 600-700 кишига мўлжалланган ибодат учун асосий бино, таҳорат олиш хоналари ва бошқа махсус ёрдамчи иншоотлар ва юздан ортиқ автомобиль учун тўхташ жойи барпо этилади. Шунингдек, мажмуада “Hamkor Uz Cincinati Association” ўзбек диаспораси ваколатхонаси ҳамда ўзбек тили ва адабиёти, одобнома ва бошқа фанлар бўйича ватандошларимиз фарзандлари ўқийдиган синф хоналари жойлашади.
Лойиҳа Америка Қўшма Штатларида яшовчи ватандошлар томонидан амалга ошириладиган эҳсон маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.
Цинциннати шаҳрида ўзбек масжидини қуриш бўйича ташаббус Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан олқишланиши, шубҳасиз. Масжид қурилиши якунлангач, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан республикадаги имом-хатиблардан бирини ушбу масканда диний хизматларни бажаришга юбориш масаласи кўриб чиқилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА