АҚШ Судандаги можарони ҳал этмоқчи
АҚШ Суданда давом этаётган қуролли можарони бартараф этиш мақсадида Тинчлик кенгашини жараёнга жалб қилишни режалаштирмоқда. ТАСС ахборот агентлиги хабар беришича, америкалик дипломатлар аввало гуманитар сулҳни тезкор ўрнатиш ва жорий йил март ойига қадар ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш таклифини киритган.
Манбаларга кўра, ишлаб чиқилаётган ташаббус Судан Қуролли кучлари ва хавфсизлик тизимида кўп йилдан бери муҳокама қилинаётган ислоҳот амалга ошириш масаласини ҳам назарда тутади. Қолаверса, мамлакатнинг сиёсий ва ҳарбий ҳаётидан экстремистик унсурлар, жумладан айрим исломий гуруҳларни четлаштириш муҳим шартлардан бири сифатида кўрсатилган.
Таъкидланишича, ташаббусни Миср, Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистони қўллаб-қувватлаган. Давлат котиби Марко Рубио ўтган ҳафта мазкур давлатлар вакиллари билан тегишли дипломатик саъй-ҳаракатни мувофиқлаштириш юзасидан музокара ўтказган.
Судан қуролли можароси 2023 йил апрель ойида Суверен кенгаш раиси, армия қўмондони Абдул Фаттоҳ ал-Бурхон ҳамда Тезкор аралашув кучлари раҳбари Муҳаммад Ҳамдан Дагало ўртасидаги зиддият ортидан бошланган.
Тўқнашувлар оқибатида ҳозиргача камида 40 000 киши ҳалок бўлган, қарийб 14 миллион аҳоли уй-жойини тарк этган, миллионлаб одам очарчилик хавфи остида қолмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА