АҚШ делегацияси Мудофаа вазирлигида
Мамлакатимизда бўлиб турган Америка Қўшма Штатлари Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Майкл Курилла бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги марказий аппаратига ҳам ташриф буюрди.
Юқори мартабали меҳмонларни мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов қабул қилди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабат тенглик, ишонч ва ҳурмат, ўзаро манфаатларни инобатга олиш тамойили асосида ривожланаётгани, стратегик шериклик даражасига етгани қайд этилди.
Мулоқот чоғида мудофаа вазирликлари ўртасидаги шерикликнинг жорий ҳолати ва истиқболи, ҳарбий, ҳарбий-техник соҳадаги дўстона ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлашга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатларга ҳам алоҳида урғу берилди.
– Айни вақт мен АҚШ Марказий қўмондонлиги фаолиятига дахлдор 21 мамлакат бўйлаб 90 кунлик танишув сафаридаман, – деди генерал Курилла.
АҚШ расмийси анъанавий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.

Улуғбек МАҲМИРЗАЕВ, ЎзА мухбири