“Ақлли тиббиёт” жорий этилмоқда
“Ақлли тиббиёт” аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ва ахборот беришнинг автоматлаштирилган марказлашган тизими бўлиб, соҳага технологик ечимларни жорий этиш орқали мижозлар тўғрисида биотиббий маълумотларнинг ягона платформаси яратилади. Тиббий карталарнинг тармоқли тизими жорий қилинади, масофавий диагностика, тиббий интернет ва мобиль иловалар асосида инсон саломатлиги масофадан мониторинг қилинади. Тизим орқали виртуал тиббий кўрикдан ўтказиш, виртуал шифохона хизмати, электрон рецептлар, телеметрия ва симсиз алоқадан фойдаланган ҳолда тиббий ёрдамни уйда олиш тизими йўлга қўйилади.
Бу эса аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш учун қўшимча имкониятларни яратади, дея таъкидланди O’zLiDeP “Аёллар қаноти” ташаббуси билан ўтказилган “Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, соҳага ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш масалалари” мавзусидаги давра суҳбатида.
Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши беморларни даволашда ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш бўйича катта имкониятлар очади.

Президентимиз жорий йилнинг 6 ноябрь куни соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш чораларини белгилаб берди, соҳада юзага келган хато ва камчиликларни танқид қилиб, муаммолар ечимини аниқ мисолларда кўрсатиб ўтди.
Унда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалардаги тиббий хизмат тизими, шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларининг вазифа ва функцияларини тўлиқ қайта кўриб чиқиш зарурлиги айтилди. Илғор хорижий тажриба асосида умумий амалиёт шифокорини ҳақиқий оилавий шифокорга айлантириш чоралари белгиланди. Бундан кўзланган мақсад ҳам битта – аҳолимиз учун арзон ва сифатли тиббий хизмат фаолиятини йўлга қўйишдир.
2021 йилда 100 та оилавий шифокор пункти ва 24 та оилавий поликлиника ташкил этиш режалаштирилган. 2021 йилдан олис ва чекка ҳудудларда меҳнат қилаётган шифокорларга муносиб шароит яратиш орқали уларни энг қуйи бўғин – оилавий шифокор пункти ва оилавий поликлиникаларга жалб қилиш мақсадида олис ва жойлардаги бирламчи бўғин тиббиёт тизими учун “Қишлоқ шифокори” дастури ишлаб чиқилади.

Давра суҳбати иштирокчилари мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳақида фикр билдириб, соҳага ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади.
Вазирлар Маҳкамасининг аниқ чора-тадбирлар режаси асосида Ўзбекистонда Ягона тиббиёт ахборот маркази ва «Ақлли тиббиёт» тизими жорий этилмоқда. Бу жараёнга мамлакатимиз дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқувчилари ва инновацион технологиялар мутахассислари жалб этилган.
Тадбирда партия сайловолди дастурида мамлакат соғлиқни сақлаш тизими, аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматларни дунёдаги илғор мезонлар даражасига олиб чиқиш, касалланиш кўрсаткичларини пасайтириш ва аҳолининг узоқ умр кўришини таъминлашга йўналтирилган “Ақлли тиббиёт” концепциясини жорий этиш борасида аниқ вазифалар белгилаб олингани эътироф этилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА