“Ақлли сув” қурилмаси: амалиёт ва самара
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Шофиркон туманида олиб борган ўрганишлари давомида “ақлли сув” қурилмасининг ишлаш функциялари ва имкониятлари билан танишди.
Танишув асносида мутахассисларга вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам шу каби рақамли технологияларни кўпайтириш ҳамда сув сарфини мунтазам назорат қилиб бориш бўйича ўз тавсия ва кўрсатмаларини берди.


“Ақлли сув” қурилмаси – ушбу рақамли технология ирригация тармоқларида сув ресурсларининг ҳисобини юритиш ва маълумотлар базасини шакллантириш тизимини такомиллаштириш ҳамда шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади. Каналлар ва ариқлар сувини бошқаришда муҳим восита ҳисобланган мазкур қурилма вилоят бўйича кенг миқёсида ўрнатилмоқда. Хусусан, биргина, Шофиркон туманининг ўзида энг муҳим ирригация нуқталарига шу кунгача 75 дона худди шундай “ақлли сув” қурилмаси ўрнатилган. Унинг маълумотларини сохталаштириб бўлмайди. Ўз номи ўзи билан “ақлли” иш қилади. У қуёш батареясида ишлайди. Телефон чипини ҳар битта “ақлли сув” қурилмасига ўрнатиб, антенани мослаб қўйиш натижасида қайси объектда қанча сув мавжуд ва гектарига қанча сув сарфи зарурлигини узоқ масофада туриб бўлса ҳам аниқлаш имконини беради.


Маълумот учун, ҳозирги вақтгача вилоят бўйича жами 627 қурилма ўрнатилган. Жорий йилнинг ўзида 752 ўрнатиш режалаштирилган. Бунинг учун 3 миллиард 900 миллион сўм маблағ ажратилган.
Зариф Комилов, ЎзА