Бухорода Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 февралдаги “Чорвачиликни янада ривожлантириш ва чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг вилоятдаги ижроси, унинг мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуман вилоят ҳокимлиги, вилоят “Чорва насл” маркази ҳамда бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Давлат раҳбарининг ташаббуси билан чорвачилик соҳасига алоҳида эътибор берилаётганлиги сабабли вилоят чорвачилигининг барча тармоқларида ижобий ўсишга эришилмоқда.
– Бугунги кунда, вилоятда жами 1 минг 48 та чорвачилик хўжаликлари мавжуд, – дейди вилоят “Чорва насл” маркази директори Носир Раҳматов. – Натижада қорамолчилик йўналишида 416 та – 97 та қорамолчилик-наслчилик, 207 та қўй ва эчкичилик, 9 та қоракўлчилик, 1 та наслли эчкичилик, 3 та йилқичилик, 2 та туячилик, 92 та паррандачилик, 349 та балиқчилик, 47 та асаларичилик ва 9 та қуёнчилик йўналишидаги хўжаликлар ташкил этади.
Чорвачиликда озуқа базасини мустаҳкамлаш бўйича вилоятдаги чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларига озуқабоп экинлар экиш учун 44,4 минг гектар экин ер майдонлари ажратилган.
[gallery-8033]
Таъкидланишича, мазкур қарор билан чорвачилик субъектларига фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан чорвачилик бўйича, шу жумладан, чорва комплексларини қуриш, йирик ва майда шохли наслдор чорва молларини харид қилиш, чорва маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан ажратиладиган 20 миллиард сўмгача миқдордаги кредитлар бўйича фоиз ставкасининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 8 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмига компенсация, кредит суммасининг 50 фоизи миқдорида кафиллик тақдим этилиши белгиланди.
Шунингдек, чорвачилик йўналишида жалб қилинадиган халқаро молия институтларининг кредит маблағлари 10 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан ажратилади. Тижорат банкларига чорвачилик соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш, шу жумладан, айланма маблағларни тўлдириш ва модернизация қилиш учун мазкур қарор қабул қилингунга қадар ажратилган кредитларнинг қайтариш муддати 10 йилгача узайтирилди.
Қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган чорвачилик хўжаликларига – ўз хўжаликларида ва аҳоли хонадонлари билан биргаликда кооперация усулида етиштирилиб, гўшт учун реализация қилинган йирик ва майда шохли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун субсидиянинг миқдори 2 000 сўмдан 4 000 сўмга ҳамда сутнинг ҳар бир литри учун 200 сўмдан 400 сўмга оширилган. Пахта-тўқимачилик, ғаллачилик кластерларининг асосий экин ер майдонларининг 10 фоизига алмашлаб экиш тизимини жорий этиш ҳисобига нафақат чорвачилик хўжаликлари балки, аҳоли билан боғлиқ бўлган ҳолда ҳар бир туманда камида биттадан гўшт ва сут кооперациялари ташкил этилишига замин яратилди.
Анжуман давомида “Бухоро бренди” асосида ишлаб чиқарилаётган ҳамда қайта ишланаётган чорвачилик маҳсулотлари кўргазмаси намойиш этилди.
Иштирокчилар Қоровулбозор туманидаги “Бухоро агрокластер чорва” МЧЖ чорвачилик комплекси фаолияти билан ҳам танишди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА