Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Президентимиз ислоҳотларимиз натижадорлиги, аввало, садоқатли, фидойи ва коррупцияга тоқатсиз янги авлодга бевосита боғлиқлигини таъкидлади.
Фикри тоза ёш авлодни тарбиялаш устувор вазифага айланиши лозимлигига алоҳида урғу берилиб, бу борада талаба ва ёшларнинг коррупцияга қарши лойиҳалари, стартап ва инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизими йўлга қўйилиши қайд этилди.
Коррупцияга қарши курашишда рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда давлат идоралари томонидан кўрсатилаётган хизматларда “инсон омили”ни қисқартириш ҳамда рақамлаштириш орқали турли коррупциявий ҳолатларга шароит яратаётган омилларни кескин камайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Мазкур йўналишдаги топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан IT Park, “Навоий кон металлургия комбинати” акциядорлик жамияти ҳамда “Янги Ўзбекистон” университети билан ҳамкорликда “Anti-Corruption Hackathon – 2025" танлови ташкил этилди.
Унда республикамизнинг барча ҳудудларидан ёш дастурчилар давлат идоралари фаолияти очиқлигини таъминлаш, шу жумладан, коррупциянинг олдини олишга хизмат қилувчи дастурий таъминотлар, онлайн платформалар ишлаб чиқиш бўйича беллашмоқда.
“Anti-Corruption Hackathon – 2025"нинг биринчи босқичида иштирок этиш учун республика бўйлаб 650 нафардан ортиқ ёш дастурчи рўйхатдан ўтди.
Танлов шартларига кўра, иштирокчилар томонидан очиқ маълумотлардан фойдаланган ҳолда қуйидаги йўналишларга оид инновацион ечимлар ишлаб чиқилди: давлат харидлари, спорт, қурилиш, молия ва суғурта тизимларида коррупциянинг олдини олиш; коррупцияга қарши курашишга аҳоли ва ёшларни жалб этиш; очиқ маълумотлар орқали коррупцияни камайтиришга қаратилган бошқа ёндашувлар.
Уч кун мобайнида иштирокчилар уч кишилик жамоа таркибида ўзаро беллашади ва финал босқичида жамоаларнинг лойиҳалари юзасидан тақдимот ва дастурий маҳсулотлари баҳоланади.
Танлов якунига кўра, ғолиб жамоа жорий йилнинг сентябрь ойида Гонконгда бўлиб ўтадиган Осиё ёшлар коррупцияга қарши курашиш хакатони (“Coding4Integrity”)да Ўзбекистон номидан иштирок этиш имкониятини қўлга киритади.
Н.Абдураимова, ЎзА