Анталиядан Самарқанд сари: Ўзбекистон жаҳон космик мулоқоти майдонида
Космос соҳаси бугун фақат илм-фан доираси билан чекланиб қолмай, давлатларнинг технологик, иқтисодий ва дипломатик салоҳияти намоён бўладиган стратегик йўналишга айланмоқда. Шу кунларда Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтказилаётган 77-Халқаро астронавтика конгресси (IAC) бу жараённинг бугунги кўламини яққол намоён этмоқда.
Халқаро Астронавтика федерацияси (IAF) томонидан ташкил этилган форумга Туркия илк бор мезбонлик қилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, конгресс 108 мамлакатдан минглаб олимлар, муҳандислар, космик агентликлар, давлат идоралари ва хусусий компаниялар вакилларини бир майдонга жамламоқда.

“Дунёга кўпроқ космос керак” шиори остида ўтаётган конференцияда сунъий йўлдош технологиялари, Ерни масофадан кузатиш, космик барқарорлик, илмий тадқиқотлар, янги авлод космик тизимлари, хусусий сектор иштироки ҳамда космос фаолиятини халқаро тартибга солиш масалалари асосий мавзулардан ўрин олган.
Конгресс доирасидаги муҳим воқеалардан бири космосдан тинч мақсадларда фойдаланишга қаратилган Анталия декларациясининг қабул қилиниши бўлди.
Мазкур йиғин Ўзбекистон учун ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда. Конгрессда мамлакатимиз Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов бошчилигидаги юртимиз делегацияси иштирок этмоқда. Ўлкамиз вакиллари халқаро космик ҳамжамият билан алоқаларни кенгайтириш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва янги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш бўйича мулоқотлар олиб бормоқда.

Эътиборлиси, 6 октябрь куни конгресс доирасида Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон ва Туркия вакиллари ТДТ доирасида космик саноат ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича дастлабки шартномани имзолади. Ҳужжат сунъий йўлдошлар яратиш, космик технологиялар, илмий тадқиқотлар, саноат кооперацияси ва кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича қўшма лойиҳалар учун институционал асос яратиши кўзда тутилган.
Бу жараён диёримиз учун яна бир муҳим воқеа – IAC 2028 билан бевосита боғлиқ. Халқаро астронавтика федерацияси қарорига кўра, 79-Халқаро астронавтика конгресси 2028 йил 9–13 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилади. Бу Марказий Осиёда IACга мезбонлик қилиш бўйича тарихий воқеа бўлади.
Шу маънода, Анталиядаги конгресс Ўзбекистон учун нафақат жаҳон космик саноатидаги сўнгги тенденцияларни ўрганиш, балки икки йилдан кейин Самарқандда ўтадиган нуфузли анжуманга тайёргарлик тажрибасини бойитиш учун ҳам муҳим майдон вазифасини ўтамоқда.
Нодира Кайимова, ЎзА
Туркия