Анорзор боғларидан қаҳрамонлик эътирофигача (+видео)
Мастурахон Сайфутдинова. Бу исм узоқ саксонинчи йиллардаёқ машҳур бўлган. У Қувада ташкил этилган анорчилик хўжалигининг ёш боғбонларидан бири эди.
Атрофига тенгқурларини жамлаб ўзлашмаган қир-адирларда янги боғлар барпо этди. Кейин янги навлар яратди. Қуванинг “Туя тиши”, “Шириндона” анорлари ўшандаёқ мамлакатга машҳур бўлди.
Орадан йиллар ўтди, аммо ҳозир ҳам ўша ғайрати ичига сиғмас Мастурахон учун анорзор боғлар гўё унинг иккинчи уйи.
Яқинда БМТнинг озиқ овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти томонидан “Агро озиқ - овқат тизимлари ва қишлоқларни ривожлантиришдаги 100 нафар Қаҳрамон аёл” рўйхати эълон қилинди. Улар орасида ўзбекистонлик Мастурахон Сайфутдинова ҳам бор. Биз анорчиликда мактаб яратган боғбон билан учрашдик ва соҳадаги ютуқ ҳамда муаммолар ҳақида суҳбатлашдик.
– Болалигимдан анорзор боғда катта бўлганман, – дейди Мастурахон Сайфутдинова. – Ҳовлимизда 30 сотихлик анорзор боғ бўлар эди. У жуда серҳосил бўлиб, олинган даромадга бир йил уй қурдик, келгуси йил тўй қилдик, яна бир йили отам машина сотиб олган. Мактабни тугатганимда Қувада анорчилик давлат хўжалиги ташкил этилди. Очиғи, ўшанда мени шу хўжаликда ишлашимга онам қарши бўлганлар. Лекин қатъиятимни кўргач, ушбу касбни танлабсан, унга умрбод содиқ бўл ва ҳеч қачон анорга хиёнат қилма деб дуо қилди. Ўша йили Қувада қирқ қиздан иборат анорчилар бригадаси ташкил этилди. Биз Қуванинг қир- адирларидан ажратиб берилган ерни ўзлаштирдик. Сув чиқардик. Анор кўчатларини келтирдик. Ҳеч эсимдан чиқмайди, 1979 йил 6 апрель куни дастлабки кўчатни давлат раҳбари Шароф ота Рашидов шахсан ўзлари экиб берган эди. 1980 йилда эса “Қирқ қиз анорчилар бригадаси”га бошчи қилиб сайладим. Шундан буён анор боғлари иккинчи уйимга айланган. Ҳозир тасарруфимда 1000 гектардан ортиқ анорзор бор. Ундан ташқари туманимизда яна 2000 гектарга яқин анорзор бор.

Президентимиз давлат раҳбари бўлганларидан кейин Қувага ташриф буюриб, анорзорларимиз билан танишди. Ўшанда мен билан ҳам узоқ суҳбатлашган эди. Шунда уларга сўнгги 10-15 йилда анорчилик соҳасига эътибор сусайиб қолганини айтдим.
Президент менинг назаримда иккита муҳим ишни амалга оширди: биринчидан, Фарғона давлат университетида анорчилик кафедрасини очиб берди ва бундан буён соҳани фанга, илмга таяниб ривожлантириш зарурлигини топширди. Иккинчидан, янги анорзорлар ташкил қилиш, жумладан, Сурхондарёнинг Шеробод ва Музробод туманларида экспортбоп анор навларини яратиб, экиш вазифасини қўйди. Ҳозиргача у ерда 5000 гектар янги анорзор яратдик. Бу нафақат соҳа ривожини таъминлади, балки минглаб янги иш ўринларини ҳам яратди.
Анорчиликда қадрланадиган йўналишлардан бири янги навлар яратишдир. Бугун дунёда 500 дан ортиқ навли анор етиштирилади. Ўзбекистонда эса уларнинг 36 таси мавжуд. Улар Фарғона, Андижон, Наманган, Сурхондарё, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларида экилмоқда. Анорчилик илмга асослангач, ҳозиргача 10 га яқин ёшлар олимлик мартабасига эришди. Масалан, Сайимов Хусниддин анор уруғидан олинган мой асосида жигар хасталиги учун даво бўладиган дори-дармон яратди. Янги навлар ҳақида гапирсак, “Туя тиши”, “Қаюм”, “Оқ пўстлоқ” каби навларни чатиштириб, бизнинг хўжалигимиз ўзида серҳосил ва серсув янги нав яратдик.
Анор турган - битгани кони фойда. Мисол учун, мевасидан шарбат олинади, уруғидан мой, пўстлоғидан ранг, гулидан эса дори-дармон ишлаб чиқарилади. Бу ишлар, яъни саноат усулида қайта ишлашнинг барча жараёнлари амалда қўлланмоқда. Ҳолбуки, яқин- яқинда ҳам анорни бутун ҳолатда сотар эдик холос.

Умрингдан бир нафас қолса ҳам ўқи, ўрган деганларидек анор етиштирувчи мамлакатлардаги ҳамкасбларимиз билан ўзаро тажриба алмашиб турамиз. Яқинда озарбайжонлик боғбонлар Сурхондарёга келишди. Улар анор концентратини истеъмол шаклида чиқаришни тавсия этди. Шерободда бўлган анорчиликка бағишланган халқаро анжуманда етти мамлакатнинг миришкорлари иштирок этди.
“Санжарбек Султон” фермер хўжалиги анорзорларини кўздан кечиришди. 2023 йилдаги аномал совуқда шикастланган боғлар ҳам ҳар гектаридан 15 тоннадан ошириб ҳосил бераётганини, кўчатлар 5-7 ёшга етганда эса ҳосилдорлик 30 тоннага етиши мумкинлигини кўриб, ўзбек боғбони тажрибасини ўрганди. Бундай натижалар анорчилик Ўзбекистоннинг брендига айланиш учун асос бўла олади.
Бирлашган миллатлар ташкилоти мени дунёнинг 100 та қаҳрамон аёллар сафига киритгани аслида давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги, жумладан, анорчиликни ривожлантириш йўлидаги ислоҳотлар эътироф деб қабул қилиниши лозим. Бу мукофот қишлоқ хўжалигида меҳнат қилаётган ўзбек аёлларининг фидоий меҳнатига берилган баҳо деб қабул қиламан. Мен Президентим билан учрашувда умримнинг сўнгги нафасигача, танамда кучим бор экан, Ўзбекистон анорчилигини дунёга машҳур қиламан деб ваъда берган эдим. БМТ эътирофи ана шу мақсад йўлидаги навбатдаги қадамдир.
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА