Аниқланган камчиликлар жойида бартараф этилди
“Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий кенгаши раиси Робахон Маҳмудова, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоси Беҳзод Тўхтамуродов ва ҳудудий Кенгаш фаолларидан иборат ишчи гуруҳ ислоҳотларнинг жойлардаги ижроси билан танишиш мақсадида Навоий вилоятида бўлди. Сафар давомида йирик саноат корхоналари, ижтимоий соҳа объектлари фаолияти, аҳоли бандлиги, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Навоий машинасозлик заводи йирик саноат корхоналаридан бири. Қарийб 21 миллион АҚШ доллари эвазига Жанубий Корея технологияси асосида модернизация қилинган механик-йиғув цехи ўз йўналишида Марказий Осиёда ўхшаши йўқ, уникал ишлаб чиқариш мажмуаси ҳисобланади. Бу ерда 800 тоннали тош майдалаш тегирмонларидан тортиб, оддий больт-гайка каби кичик деталларгача 15 минг хил маҳсулот тайёрланади. Бу ерда эркаклар билан бирга хотин-қизлар ҳам меҳнат қилади. Цехнинг “юраги” ҳисобланган, 100 тоннагача юк кўтариш қувватига эга кранни Дилфуза Нормуродова бошқаради. Заводда 800 нафардан зиёд хотин-қизлар меҳнат қилади.

“Адолат” СДП Сиёсий кенгаши раиси Робахон Маҳмудова корхона ишчилари билан суҳбатлашди. Юртимизда хотин-қизларга яратилаётган имкониятлар сабаб опа-сингилларимиз ҳар бир соҳада ўз ўрнига эга бўлиб бораётгани таъкидланди. Партиянинг дастурий мақсадларида ҳам бу жиҳат алоҳида эътиборга олингани, хотин-қизларга муносиб турмуш ва меҳнат шароитларини яратиш йўлида “Адолат” СДП бундан кейин ҳам тизимли ташаббусларни илгари суришда давом этиши айтилди. Партия ғояларига хайрихоҳлик билдирган бир гуруҳ ходимлар аъзолар сафига қабул қилинди.

Навбаҳор тумани енгил саноат марказига айланиб боряпти. Сўнгги 3-4 йил ичида ўнга яқин тикув-трикотаж фабрикалари, қўшма корхоналар ишга туширилди. Ишчи гуруҳ аъзолари шундай корхоналардан бири – “Guller textile” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, тикувчи хотин-қизлар билан учрашди. Корхонада иш кундузги ва кечки тартибда ташкил қилинган.

– Асосан болалар учун кийимлар тайёрлаймиз, – дейди корхона иш юритувчиси Гулжаҳон Тўйназарова. – Маҳсулотларимиз маҳаллий бозорда харидоргир. Бундан ташқари, Россия Федерацияга ҳам экспорт қиляпмиз. Яқинда ходимлар учун бепул тушлик ва транспорт хизмати йўлга қўйилди.
Тикувчилар билан ўтказилган самимий мулоқотда касаначиликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилиниб, хотин-қизларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш оилалар фаровонлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди. Партия вакиллари, бундай ташаббусларни доим қўллаб-қувватлашга, бу борада янги қонунчилик ташаббусларини ишлаб чиқиш, амалий чоралар кўришга тайёр эканликларини билдирди.

Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос ҳунармандчилик анъаналари мавжуд. Нурота эса асрлар давомида ўзининг бетакрор каштачилик мактаби билан машҳур бўлган. Қувонарлиси, бугун ҳунарманд тадбиркорларга яратилаётган имкониятлар ушбу қадимий санъатнинг қайта ривожланишига замин яратмоқда.
Тумандаги “Мустақиллик” маҳалласида истиқомат қилувчи Баҳора Мамаражабова ушбу ҳунарни асраб-авайлаган ҳолда ёш авлодга ўргатиб келаётган тадбиркорлардан бири. У ҳозирда туман марказида каштачилик марказини ташкил этган. Бу ерда маҳалланинг 80 нафар хотин-қизлари иш билан банд қилинган. 200 нафардан ортиқ қишлоқ аёллари касаначи сифатида меҳнат қиляпти.

– Дастлаб кичикроқ хонада 4 нафар қиз билан иш бошлаган эдик, – дейди Б.Мамаражабова. – Мавжуд имтиёзлардан фойдаланиб, фаолиятимизни кенгайтирдик. Ҳозир 8 турда хизмат кўрсатамиз, ходимларнинг фарзандлари учун уй боғча ҳам ташкил қилдик. Маҳсулотларимизга Қозоғистон, Россия, Туркия, АҚШ каби давлатлардан ҳам буюртмалар тушмоқда.
Марказ “Долзарб 90 кун” лойиҳасида ҳам фаол иштирок этиб, ҳунар ўрганиш истагида бўлган 25 нафар мактаб ўқувчиси учун “устоз-шогирд” анъанаси асосида каштачилик сирларини ўргатишни йўлга қўйган.

– Ёзги таътилдан унумли фойдаланиб, каштачиликни ўрганяпман, келажакда ўз тадбиркорлик марказимни очиш орзуйим бор, – дейди 7-синф ўқувчиси Феруза Жўрабоева.
Албатта, мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Долзарб 90 кун” лойиҳаси тадбирлари ўқувчиларни ёзги мавсумда соғломлаштириш, уларнинг иқтидор ва имкониятларини янада ривожлантиришда ўзига хос тизим бўлиб хизмат қилмоқда. Навбаҳор туманидаги “Сармиш” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ҳам бу борада жараён қизғин давом этяпти.
“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Маҳмудова бошчилигидаги Ишчи гуруҳ вакиллари вилоятдаги ўрганишлари давомида ушбу файзли маскан фаолияти билан танишди. Оромгоҳ 660 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳар йили 2800 нафарга яқин болажонларни ўз бағрига олади. Шу жиҳатдан республикамиздаги энг йирик ёзги оромгоҳлардан бири ҳисобланади.
– Бу йилги дастур “Долзарб 90 кун” акциясидан келиб чиқиб янада самарали, болалар учун машғулотлар, тўгараклар билан қизиқарли тарзда ўтяпти, – дейди оромгоҳ директори Маҳбуба Умарова. – Айниқса, мусиқа ва тасвирий санъат, спорт, пазандалик тўгараклари фаолияти йўлга қўйилди.
Ишчи гуруҳ оромгоҳнинг 3-мавсуми якунига бағишланган маросимда иштирок этди ва фаол ўқувчилар ҳамда муассаса кутубхонасига бадиий асарлар совға қилинди.

Маҳалла юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг рўёбга чиқишида муҳим бўғин саналади. Президентимиз ташаббуси билан “Маҳалла еттилиги” тизими яратилгач, аҳоли, биринчи навбатда хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, эҳтиёжманд қатламни қўллаб-қувватлаш каби муҳим вазифаларни бевосита маҳалланинг ўзида таъминлашга имкон туғилди. Эндиликда тизим ходимларидан фидойилик билан меҳнат қилиш талаб этилади.
“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Маҳмудова Нурота туманидаги “Амир Темур” маҳалласида бўлиб еттилик ходимлари билан мулоқотда бўлди.

Маҳалла фаоллари билан учрашувда маҳаллани ҳозирги “сариқ ҳудуд” тоифасидан олиб чиқиш, бунинг учун жиноят ва ҳуқуқбузарликларни жиловлаш, аҳоли реал даромадларини ошириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ва амалий таклифлар муҳокама қилинди. Шундан сўнг қишлоқ аҳолиси учун сайёр қабул ўтказилди. Аҳолидан тадбиркорликни бошлаш, ишга жойлашиш ва касб-ҳунар ўрганишга оид мурожаатлар бўлди.
Санобар Асқарова болаликдаги орзуси сабаб 50 ёшида Навоий инновациялар университетига ўқишга кириб, бу йил биология-кимё факультетини тамомлагани ва эндиликда фельдшерлик курсида ўқимоқчи эканини билдирди.
Яна бир мурожаатчи Шаҳноза Ҳазратова эса оғир ижтимоий шароити ва турмуш ўртоғининг ногиронлигига қарамай Навоий давлат педагогика институтини тамомлаб, мактабгача таълим ташкилотига ишга кирганини маълум қилди.
Тадбиркорликка интилаётган нуроталик аёллар ҳам ўз ташаббусларини ўртага ташлади. Нигина Каримова бир неча йилдан буён пиллачилик, асаларичилик ва новвойлик билан шуғулланиши, меҳнати ортидан рўзғори обод бўлаётганини айтиб, нон ва асал маҳсулотлари савдоси учун кўчма дўкон очишда амалий ёрдам сўради. Унинг ушбу ташаббуси қўллаб-қувватланиб, қонун доирасида ҳал этилиши белгиланди.
Бундан ташқари, тадбирда моддий ёрдам, уй-жой таъмири ва коммунал хизматларга оид ўндан ортиқ мурожаат қабул қилинди. Билдирилган ҳар бир мурожаат депутатлар ва масъуллар назоратига олиниб, ҳал этиш учун барча чоралар кўрилиши белгиланди.
Бугунги кунда томорқадан унумли фойдаланиш орқали юқори даромад олаётган юртдошларимиз сони ортиб бормоқда. Уларга давлат томонидан имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратилиши қишлоқ аҳолисининг бандлигини таъминлаб, эл дастурхони тўкин бўлишига хизмат қиляпти. “Адолат” СДП ишчи гуруҳи ана шундай соҳибкорлардан бири, нуроталик Мамаражаб Бозоров хонадонида бўлди. Умумий майдони 17 сотихни эгаллаган ҳовлининг бир қарич ери ҳам бўш эмас, шундан 3 сотихида иссиқхона барпо этилган.
– Авваллари фақат чорва билан шуғулланардик. Маҳалла ва ҳокимлик таклифи асосида 50 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, иссиқхона ташкил қилдик. Ҳозирда помидор, картошка, сабзи, пиёз ва турли кўкатлар етиштиряпмиз. Ҳосилдорлик юқори, харидорларнинг ўзи уйдан олиб кетади”, – деди М.Бозоров.
Суҳбат давомида партия етакчиси ушбу тажрибани ҳудудларда кенг оммалаштириш таклифини билдирди. Шунингдек, жорий йилнинг 30 июль куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришда инновацион ёндашувларни жорий этиш, бу борада экспортни кўпайтиришга қаратилган ташаббуслар ва вазифаларга урғу берилиб, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.
Ўз навбатида, хонадон эгасининг истагини инобатга олиб, унга қўшимча 1,5 сотихли иссиқхона қуриш ва бодринг етиштиришни йўлга қўйишда кўмаклашиш белгиланди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, партия раҳбари ва фаолларнинг Навоий вилоятига сафари аҳоли, тадбиркор ва ишбилармонлар қатлами билан конструктив мулоқот руҳида ўтди. Одамларни қийнаётган муаммолар жойида ўрганилди. Сайловчилар билан юзма-юз мулоқотлар асосида ҳар бир масалага самарали ечим топишда ўрганишлар муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири