“Angry Birds” асосчиси билан онлайн мулоқот
П.Вестербака Финляндиянинг стартапларни танлаш бўйича тажрибаси билан ўртоқлашди. Шунингдек, у компьютер ўйинларини яратиш ва уларни жаҳон бозорида тарғиб қилиш борасидаги тажрибаларни сўзлаб берди.
Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчихонаси ташаббуси билан Финляндиянинг Rovio компаниясининг маркетинг бўйича директори, Европадаги энг йирик “Slush” инновацион форуми асосчиси Питер Вестербака билан инновацион стартап лойиҳаларини ҳамкорликда амалга ошириш масалалари бўйича видеоконференция ўтказилди.
Питер Вестербака ёшлар ўртасида машҳур “Angry Birds” компьютер ўйини яратувчиларидан биридир. “Angry Birds”дан ташқари яна 50 дан ортиқ ўйинлар яратган П.Вестербака Rovio компаниясининг бизнесни ривожлантириш ва “Angry Birds” маркетинги ва брендинги учун масъулдир.
Видеоконференцияда Инновацион ривожланиш вазирлиги вакиллари, Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчиси Қадамбой Султонов, «Эл-юрт умиди» жамғармаси ижрочи директори Aдҳам Бекмуродов иштирок этди.
П.Вестербака Финляндиянинг стартапларни танлаш бўйича тажрибаси билан ўртоқлашди. Шунингдек, у компьютер ўйинларини яратиш ва уларни жаҳон бозорида тарғиб қилиш борасидаги тажрибаларни сўзлаб берди.
Онлайн учрашувда Ўзбекистон билан Финляндия университетлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди. Хусусан, Инновацион ривожланиш вазирлиги Питер Вестербака билан олий таълим тизими учун жаҳонда кенг тарқалган Coursera онлайн таълим платформасининг миллий моделини яратишда ҳамкорлик қилишга келишди.

Бундан ташқари, бизнес-менторлар, сармоядорлар ва тадбиркорларни бирлаштирувчи “Slush” тадбиркорлик ҳаракатида ўзбекистонлик ёшларнинг иштироки, стартаплар соҳасидаги билим ва замонавий бизнес кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган “Slush Academy” дастурларида ёш тадбиркорларимизнинг иштирок этиши масаласи муҳокама қилинди.
Финляндиянинг илғор тажрибаси асосида ўзбек стартаплар учун ҳамкорликдаги акселерация дастурларини, жумладан, стартапларни ривожлантириш тизимини ўрганиш учун ўзбекистонлик ёш тадбиркорларни Финляндияга сафарини ташкил этиш, инновациялар ва инновацион корхоналарни бошқариш соҳасидаги материаллар ва дастурларни биргаликда ишлаб чиқиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Питер Вестербака 2020 йил февраль ойида Ўзбекистонга амалга оширган ташрифини мамнуният билан эслаб, юртимизда инновацион стартапларга қизиқувчи кўплаб иқтидорли ёшлар борлигини таъкидлади.
Мулоқотда «Стартаплар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ва стартаплар университети масаласи ҳам муҳокама қилинди. Инновацион ривожланиш вазирлиги билан баён этилган йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича онлайн музокараларни давом эттиришга келишилди.