Тошкент вилоятида иссиқлик энергияси таъминотини янада такомиллаштириш, аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш учун тармоқни модернизация қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб бориляпти.
Хусусан, яқинда Ангрен шаҳрида "Иссиқлик энергияси" ДУК тасарруфида бўлган иссиқлик энергиясини ўлчаш пунктларига замонавий қурилмалар ўрнатилди. Хўш, иссиқлик даражаси, босими ва харажатларни ўлчашга мослашган, муқобил энергиядан тўйинувчи мазкур замонавий қурилмаларнинг қандай афзалликлари бор?
Бу ҳақда Тошкент вилояти "Иссиқлик манбаи" ДУК ишлаб чиқариш бошқармаси раҳбари Ойбек Очилов маълумот берди.
– Президентимизнинг 2021 йил 20 майдаги “Тошкент вилоятида тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ жойларда амалга ошириладиган лойиҳа бўйича магистрал иссиқлик тармоқлари бўлиниш нуқталарида иссиқлик энергиясини ҳисобга олиш ускуналарини ўрнатиш белгиланган. Унинг афзаллиги шундаки, ушбу қурилма асосий манбадан узатилаётган иссиқликни ўлчаш имкониятини беради. Илгари "Aнгрен иссиқлик энергияси" давлат унитар корхонасининг магистрал ва ички иссиқлик тармоқлари эскириши натижасида иссиқлик энергиясининг ортиқча сарфланиш ҳолатлари кузатилар эди. Бу кўрсаткич йилига тахминан 30 фоизни ташкил этган.
Бундан ташқари, иссиқликнинг ҳарорат жадвалига риоя қилмасдан етказиб берилиши оқибатида тармоқнинг охирги нуқталари жойлашган ҳудуддаги истеъмолчиларга паст параметрларда етиб борган. Эндиликда мазкур қурилманинг ўрнатилиши шу каби кўплаб ноқулайликларга дуч келаётган шаҳар аҳолиси учун айни муддао бўлди. Ҳозирда Ангрен шаҳрида бу каби замонавий қурилмалар жами 18 тани ташкил этади.
Бу каби замон талабларига мос, энергия тежамкор қурилмаларнинг ўрнатилиши етказиб бериш харажатларини камайтириш, иссиқлик таъминотини тўғри тақсимлаш, хомашё ва молиявий ресурслардан самарали, оқилона фойдаланиш имконини беради. Ушбу қурилмалар замонавий ахборот технологиялари асосида ягона сервер тизимига уланганидан сўнг, мутахассислар барча ҳудудларни электрон назорат қилиш учун замин яратилади.
Амалда бўлаётган иш салмоғини марказдан туриб назорат қилиш, ортиқча вақт ва ишчи кучи сарфи тежалишига эришилади. Қувурларда ёрилиш ҳолатлари юзага келган тақдирда ўз вақтида аниқлаб, бартараф этилиши учун қулай имконият яратилади.
А.Мусаев, ЎзА