Ангрен шаҳрида янги университет очилди
Ангрен шаҳрида 8 та таълим йўналишига ихтисослашган “Ангрен университети” ташкил этилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда шаҳар ҳокими Алишер Райимов, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, секторлар раҳбарлари, университет маъмурияти, ўқитувчилар ва ёшлар қатнашди.


Мазкур олийгоҳда талабалар учун барча шароит яратилган бўлиб талабалар турар жойи, кутубхона, спортзал, ахборот-ресурс маркази тўлиқ жиҳозланган. Ўқув режа ва дастурлари таянч олий таълим муассасалари билан келишилган бўлиб хорижий тажриба асосида шакллантирилган.
Бугунги кунда университетда даволаш иши, мактабгача ва бошланғич, педагогика ва психология, миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими, молия ва молиявий технологиялар, иқтисодиёт (тармоқлар ва соҳа бўйича), хориж тиллари ва адабиёти каби йўналишларда ўқитилади.


Ҳозиргача 4 минг 200 нафарга яқин ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, тест натижаларига кўра, 2 минг 500 нафарга яқин талабалар олий таълим муассасасига қабул қилинди.
Айни пайтда профессор-ўқитувчилар таркиби ёш ва иқтидорли ходимлар билан шакллантирилди. 70 нафарга яқин иш ўринлари яратилган. Бундан ташқари, кейинги ўқув йилига таълим йўналишлари сонини кўпайтириш ва магистратура босқичини йўлга қўйиш режалаштирилган.

А.Мусаев,ЎзА.