Андижонлик мақомчилар Наманганда
Ўзбек миллий мақом санъати марказининг Андижон вилояти ҳудудий бўлими жамоаси Наманганда хизмат сафарида бўлиб, Наманган шаҳридаги 24-сонли Болалар мусиқа ва саньат мактабида бадиий дастур намойиш этди.
– Миллий мақом санъати ривожида водий вилоятларининг, хусусан наманганлик санъаткорларнинг алоҳида ўрни бор, – дейди Андижон мақом ансамбли раҳбари Равшанбек Ҳожиқулов. – Ўзбекистон халқ артистлари Камолиддин Раҳимов, Ўринбой Нуралиев, Ҳабиба Охунова сингари ўзига хос санъат мактаблари яратган устозларимизнинг анъаналарига монанд биз андижонлик ижодкорлар ҳам наманганлик ҳамкасбларимиз билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Албатта, бу ҳамкорлик келгусидаги муваффақиятларимизга асос бўлади.

Андижонлик ва наманганлик мақомчилар томонидан якка ва жўр овозларда ижро этилган “Муғулчаи бузрук”, “Насри сегоҳ”, “Эй сабо”, “Хуш келибсиз”, “Ёр васли” каби мумтоз наволар концертга келган талаба-ёшлар ва кенг жамоатчилик вакилларининг олқишига сазовор бўлди.
Ўзаро ҳамкорликнинг давоми сифатида байрам кунлари наманганлик мақомчилар Андижон вилоятига бориб, концерт дастурини тақдим этадиган бўлишди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири