Андижон шаҳридаги “Маърифат уйи”да мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрамига бағишланиб, “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанимиз!” шиори остида анъанавий “Энг улуғ, энг азиз” танловининг вилоят босқичи ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси Хуршида Ваҳобжон қизи, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Махпурахон Артиқова ва бошқалар томонидан мамлакатимизда мустақиллик йилларида эришилган улкан ютуқлар, бунёдкорлик ишлари, халқимиз маънавиятини юксалтиришга ижод аҳлининг қўшаётган беқиёс ҳиссаси, юртимизда ижодкорларнинг самарали ижод қилишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда “Энг улуғ, энг азиз” танлови муҳим аҳамият касб этаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Танловда 12 нафар шоир ва ёзувчининг 15 та китоби, босма оммавий ахборот воситалари 19 нафар вакилининг 80 га яқин мақола ва бошқа ижодий материали, 10 нафар телевидение ва радио ижодкорларининг 50 га яқин кўрсатув ва радиоэшиттириши, 8 нафар интернет-журналистикаси вакилининг 40 дан ортиқ материали, публицистика йўналишидаги ижодкорларнинг 10 га яқин китоби, шунингдек, 15 нафар мусаввир, халқ амалий санъати вакили, фотограф ва дизайнерларнинг 45 дан ортиқ ижодий иши кўриб чиқилди.
– Танлов кўргазмаларида намойиш этилган ижодий ишларнинг ўзига хослиги, мазмунан бойлигини, ранг-баранглигини алоҳида эътироф этиш жоиз, – дейди Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Махпурахон Артиқова. – Ана шу асарларда истиқлол ғоялари, халқимиз маънавияти, онг ва тафаккуридаги ўзгаришлар ўзига хос талқин этилганлиги аҳамиятлидир.
[gallery-18928]
Танлов иштирокчилари истиқлол халқимиз учун улуғ неъмат эканлиги, юртдошларимиз маънавияти ва тафаккуридаги ўзгаришлар, Янги Ўзбекистонни шакллантириш ва инсон қадрини улуғлаш мавзулари кенг акс этган, шунингдек, мустақиллик йилларида юртимизда, хусусан, Андижонда қўлга киритилаётган улкан ютуқларни, бунёдкорлик ишларини, халқимизнинг урф-одатлари, миллий қадриятларини бадиий асарлар, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари орқали ёритилган ижодий ишлар, фотография, дизайнерлик ишлари ҳамда тасвирий санъат асарлари орқали кўрсатиб берди.
Танловнинг якуний натижаларига кўра, адабиёт номинацияси бўйича “Умр бекати", "Сўнгги манзилдаги узр” номли китоблари учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Асадулло Мирзаакбаров, телерадио номинацияси бўйича “Ўзбекистон-24” телерадиоканали мухбири Шоира Умрзоқова, босма оммавий ахборот воситалари таҳририятлари, журналистларнинг ижодий ишлари номинацияси бўйича “Асака ҳаёти” газетаси жамоаси, интернет журналистикаси номинацияси бўйича эркин журналист Абдували Қурбонов, публицистика йўналишидаги ижодкорлар ўртасида журналист Нажмиддин Икромий, тасвирий санъат, фото ва дизайн номинацияси бўйича Марибжон Рўзибоев тақдим этган асарлари, ижодий ишлари билан ғолибликни қўлга киритди.
– Таҳририятимиз жамоаси танловда жамиятимизда, хусусан, туманимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнлар, замонамиз қаҳрамонлари ҳаёти, фаолияти ёритилган ижодий ишлар билан иштирок этди, – дейди “Асака оқшоми” газетаси муҳаррири вазифасини бажарувчи Шоҳжахон Ғофуров. – Ижодий ишларимиз эътироф этилиб, ғолиблар қаторидан жой олганлигимиздан беҳад хурсандмиз. Ушбу эътироф, муваффақият жамоамизга шижоат ва илҳом бағишлайди.
Барча номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА