Андижондаги туннель машмашасига ойдинлик киритилди
Ижтимоий тармоқларда “Бир миллион сўмлик туннель ҳаражати ўқитувчилардан ундирилди.
Ижтимоий тармоқларда “Бир миллион сўмлик туннель ҳаражати ўқитувчилардан ундирилди. Энди эса ишлатилмайди дейишяпти” мазмунида хабарлар тарқалган эди.
Унда Андижон вилояти Асака туманидаги 8-умумтаълим мактабидаги ҳолат хусусида сўз юритилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар вилоят халқ таълими бошқармаси ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилиб, асоссиз экани маълум бўлди.
Ўрганишда мазкур мактабнинг ўқитувчилари билан алоҳида суҳбат ўтказилди. Мактабнинг кириш қисмига қурилган дезинфекция туннели ҳаражатлари педагог ходимлар ҳисобидан эмас, мактаб ҳудудидаги иссиқхона даромадидан қоплангани, туннелнинг нархи ҳам 1 миллион сўм эмас, балки 200 минг сўм экани маълум бўлди.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Хўш, мана шундай асоссиз миш-мишларни тарқатишдан ким манфаатдор. Нимага кимлардир билиб-билмасдан, бўлмаган ишларни овоза қилишга ошиқади. Ахир бунинг ортидан қанча одам овора бўлади, яна қанча одамнинг асаблари емирилади, жамоанинг ноқулай аҳволда қолиши наҳотки ўша миш-мишни тарқатган одамни ташвишлантирмаса?
Нафақат қонунларимиз, балки шариатда ҳам ўзи аниқ билмаган, гувоҳи бўлмаган, кимлардандир эшитган хабарни овоза қилиш гуноҳ ҳисобланади. Нима бўлар экан, деган қизиқиш ёки қандайдир адоват туфайли турли миш-мишларни тарқатаётганлар бундай ишлари учун ўз амолига гуноҳ ёзилаётганлигини унутмаслиги керак.
Яқин кунларда юртимиздаги умумтаълим мактабларида анъанавий ва онлайн тарзда дарслар бошланади. Пандемия ҳолатида юзага келган шароитдан келиб чиқиб, Андижон вилоятидаги умумталим мактабларида янги ўқув йилига тайёргарлик бўйича зарур барча ишлар амалга оширилди. Жумладан, коронавирус инфекцияси юқиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича ҳам зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Вилоят халқ таълими бошқармаси пандемия даврида ўқув йили бошланишини инобатга олиб, вилоятдаги барча умумтаълим мактабларига марказлашган ҳолда пирометр, хлор, дозатор ҳамда антисептик воситалар етказиб берилишини маълум қилди.
Умуман, вилоятдаги ҳар бир таълим муассасасида, аввало фарзандларимиз, қолаверса, ўқитувчи ва мураббийлар соғлиги шифокорларнинг доимий назоратида бўлади.