Андижонда “Ватанпарвар” боғи очилди
Янги Андижон шаҳри ҳудудида барпо этилган “Ватанпарвар” боғининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, юртдошларимиз, айниқса, ёшлар қалбида юрт ҳимоясига дахлдорлик, она ватанга муҳаббат, ватанни улуғлаш, унинг қадим ўтмиши ва буюк келажагидан фахрланиш туйғуларини юксалтириш мақсадида барпо этилган боғнинг очилиш маросимида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, генерал майор Ойбек Саидов, меҳнат фахрийлари, ҳарбий хизматчилар, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
[gallery-19569]
“Ватанпарвар” боғининг рамзий лентаси кесилганидан сўнг, тадбир иштирокчилари томонидан вилоят ҳокими, ҳарбий округ қўмондони бошчилигида боғдаги “Ватанга қасамёд” монументи пойига гулчамбарлар қўйилди. Ватан озодлиги, тинчлиги ва ҳимояси йўлида жон фидо қилган марҳумлар хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.
Шундан сўнг вилоят ҳокими сўз олиб, мазкур боғнинг очилиши билан барчани муборакбод этди. Боғни ташкил этишдан кўзланган мақсад, унинг аҳамияти, қурилиш жараёнлари, боғдан жой олган экспонатлар ҳақида гапирди.
Тадбир давомида санъаткорлар, ҳарбий оркестр жамоаси томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар, қоровул қўшинлари аскарларининг кўргазмали чиқишлари барчага байрамона кайфият улашди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари