Андижонда микро ГЭСлар қурилмоқда
Президент топшириғи –амалда
Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 1 февраль куни Андижон вилоятига ташрифи доирасида иқтисодиёт тармоқлари ва аҳоли сонининг ўсиши билан электр истеъмоли ортиб бораётганлиги, бу борада юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш учун қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш, қуёш, шамолдан электр энергияси олишга қаратилган лойиҳаларни ҳамда гидроэлектр станцияларни ишга тушириш бўйича топшириқлар берган эди.
Ана шу топшириқлардан келиб чиқиб, Андижон вилоятида 2023 йилда жами 79,3 МВт қувватга эга қуёш панелларини ўрнатиш белгиланган. Айни кунга қадар амалда 45,2 МВт қуёш панеллари ўрнатилди. Жумладан, 817 та ижтимоий соҳа ва давлат идоралари биноларига 16,3 МВт қувватли, 1 минг 347 та тадбиркорлик субъектларининг бино ва иншоотларига 14,6 МВт қувватли, 8 минг 224 та аҳоли хонадонларига 14,1 МВт қувватли қуёш панеллари ўрнатилди. Бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.
Жорий йилнинг май ойида Хитой Халқ Республикасининг "Powerchina International Group Limited" компанияси, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва Андижон вилояти ҳокимлиги ўртасида 2023-2024 йилларда Андижон вилоятида қуввати 400 МВтга тенг фотоэлектр станцияси қуриш бўйича уч томонлама меморандум имзоланди.
Ушбу меморандумга кўра, Янги Андижон шаҳри массивида фотоэлектр станцияси қурилиши белгиланган. Айни кунда ушбу лойиҳа бўйича ишлар олиб борилмоқда. Станциянинг дастлабки 100 МВт қуввати 2024 йил 1 апрелга қадар, умуман, станция келгуси йилнинг охирига қадар тўла қувват билан ишга туширилади.
Мазкур фотоэлектр станция ишга тушгандан сўнг йилига 700 миллион кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Натижада 212 миллион куб метр табиий газ тежалади, атмосферага 294 минг тонна зарарли иссиқхона газлари чиқишининг олди олинади.
Шунингдек, яна бир Хитой Халқ Республикаси компанияси билан эришилган келишувга кўра, барпо этилаётган “Саноат хаби”да “Андижон яшил энергия” масъулияти чекланган жамияти хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда умумий қиймати 20 миллион АҚШ долларга тенг лойиҳа доирасида қуёш панеллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона қурилиш ишлари якунланмоқда. Ушбу корхона ишга тушиши билан 200 та янги иш ўрни яратилади, кунига 500 кВт қувватга эга қуёш панеллари ишлаб чиқарилади.
“Андижон яшил энергия” МЧЖ томонидан вилоятдаги 105 та ижтимоий соҳа муассасасига 4,5 МВтли қуёш панеллари ўрнатилди. Бундан ташқари, яна 195 та магистраль йўл бўйи ва чекка-чекка қишлоқлардаги мактаб, мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларига 3,6 МВт қувватга эга қуёш панелларини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
Президент топшириғидан келиб чиқиб, вилоятда 41 та микро гидро электр станцияларини қуриш ва ишга тушириш белгилаб олинган. Бугунги кунда хитойлик, россиялик мутахассислар жалб этилиб, мазкур йўналишда қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан қуввати 8,2 МВт бўлган 5та гидро электростанцияси қурилмоқда. Бугунги кунга қадар қуввати 250 МВт бўлган Андижон ва Олтинкўл туманларидаги 2 та ГЭС ишга туширилди.
Шунингдек, ҳозирда 3 та лойиҳа доирасида қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда. Шундан қуввати 1 МВт бўлган 2 та лойиҳа Хонобод шаҳри ва Олтинкўл туманида жорий йилнинг декабрь ойида ишга туширилади. Булоқбоши туманидаги 6,9 МВт электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаси 2024 йилда фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.
[gallery-14989]
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳам қатор лойиҳалар доирасида ҳудудларда микро ва кичик ГЭСлар қурилиши белгиланган. Бугунги кунда қуввати 26 МВт бўлган 16 та ГЭС қурилиши олиб борилмоқда.
Масалан, “Қодир текстил” МЧЖ томонидан ўз маблағлари ҳисобидан Избоскан тумани ҳудудидаги Катта Фарғона каналида йилига 3,2 МВт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга “Потуғ” микро ГЭСи қурилиш амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа 2024 йил май ойида якунига етказилади.
“Пойтуғ” ГЭСи ишга тушиши билан 5 мингта хонадон узлуксиз экологик тоза электр энергияси билан таъминланади ва 3,2 миллион метр/куб табиий газ иқтисод қилинади.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари