Андижонда маҳалла ифтихорлари тақдирланди
Андижонда маҳалла тизимида фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ юртдошларимиз “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Маҳалла одамларнинг ўй-фикрлари, орзу-истаклари ва манфаатларини қўллаб-қувватлайдиган, барча эзгу ва хайрли ишларга тамал тоши қўйиладиган маскан ҳисобланади. Мамлакатимизда кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти, ҳуқуқий-демократик давлатга ўтиш жараёни кечаётган бугунги кунда айнан маҳалла тизимининг жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва роли ниҳоятда катта.
Андижон вилоятида 882 та маҳалла фуқаролар йиғини фаолият кўрсатмоқда. Оилаларни мустаҳкамлаш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшлар тарбияси, маҳаллаларни обод масканларга айлантиришда маҳалла фуқаролар йиғинларининг роли тобора ортаётир.
[gallery-1744]
Президентимизнинг 2017 йил 13 июлдаги “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган мазкур мукофот жамият ҳаётида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни ва ролини ошириш, жойларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашдек эзгу ишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган фаол, ташаббускор юртдошларимизни рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Андижон вилояти ҳокимлигида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида тизимда самарали фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ фуқароларга ана шу мукофот тантанали равишда топширилди.
– Камтарона меҳнатларим инобатга олиниб, ушбу нишон билан мукофотланганлигимдан беҳад мамнунман, – дейди Бўстон туманидаги “Тафаккур” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича ўринбосари Раҳимахон Сулаймонова. – Бир неча йилдирки, маҳалламиздаги мавжуд 700 дан ортиқ хонадонда истиқомат қилаётган 2 минг 200 га яқин аҳоли билан иш олиб бораман. Имкон қадар уларнинг муаммоларини ҳал этишга, ишончларини оқлашга ҳаракат қиламан. Энг муҳими, ҳамжиҳатликда олиб бораётган ишларимиз самараси ўлароқ, маҳалламизда жорий йилда салбий ва кўнгилсиз ҳолатлар умуман қайд этилмади. Ушбу мукофот менга катта масъулият юклайди. Маҳаллам, юртим равнақи йўлида янада фаол ишлаш учун бор имкониятларимни ишга соламан.
Мукофотларни вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Отабек Турсунов, вилоят ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Муҳаммаджон Нишонов тантанали равишда топшириб, мукофот соҳибларини муборакбод этди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА