Мамлакатимизда фуқароларнинг эмин-эркин ибодат қилиши, мусулмонларнинг ўз зиммаларидаги диний арконларни бекаму кўст адо этиши учун зарур барча шароитлар яратилган. Бугун халқимизга мана шундай асрий орзулар рўёбини туҳфа этган улуғ неъмат – истиқлолимизга, тинч-осойишта ҳаётимизга шукроналик ҳар бир юртдошларимиз қалбида жўш урмоқда.
Бағрикенглик, саховат ва шукроналик, эзгулик тимсоли бўлган якунланаётган муборак Рамазон ойи давомида юртдошларимиз томонидан жуда кўп хайрли ва саховатли ишлар амалга оширилди. Хусусан, кам таъминланган, эҳтиёжманд шахсларга, кўмакка муҳтож оилаларга зарур ёрдамлар кўрсатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан куни кеча имзоланган “Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорида халқимизнинг қадимий, диний байрами бўлган муборак Рамазон ҳайитининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонпарварлик, эзгулик, шукроналик ва меҳр-оқибат сингари анъана ва қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда кенг тарғиб этиш, ушбу улуғ байрамни мамлакатимизда муносиб нишонлаш мақсадида тегишли тадбирларни амалга ошириш юзасидан вазифалар белгиланган. Мазкур қарор ижросини таъминлаш, қолаверса, Рамазон ҳайити байрамини юқори савияда ўтказиш учун Андижон вилоятида ҳам зарур барча ишлар амалга оширилди.
Фуқароларимиз қалбига байрам шукуҳини сингдириш, мамлакатимизда юртдошларимизнинг ибодат қилиши, зиммаларидаги диний амалларни адо этиши учун яратиб берилаётган имкониятларни тушунтириш мақсадида диний идоралар, маҳалла фуқаролар йиғинлари, Маънавият-тарғибот маркази ҳамда ички ишлар бўлимлари, умуман, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамкорлигида маҳаллаларда, масжидларда зарур тайёргарлик ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
– Рамазон ҳайити намози вилоятимиздаги 179 та жоме масжиди ҳамда “Сайид Муҳйиддин маҳдум” ўрта махсус ислом билим юртида ўқилади, – дейди Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд Алимов. – Ҳайит намози ўқиладиган масжидлар тахт ҳолатга келтирилиб, намозхонлар учун зарур барча шарт-шароит ва қулайликлар яратилди.
Ҳайит намози ўқиладиган масжидларда тозалик, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, саломатлигидан хабардор бўлиб туриш, ёнғинлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, тиббиёт, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ходимлари билан ҳамкорликда зарур чора-тадбирлар кўрилди. Бу борадаги аниқланган камчиликлар бартараф этилди. Бундан ташқари, аҳолига қулайликлар яратиш, байрамона ва кўтаринки кайфият улашиш мақсадида масжидлар овоз кучайтирувчи аппаратлар, шиор ҳамда паннолар ўрнатилди.
Бундан ташқари, вилоят ҳокимлиги, диний идора ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Рамазон ҳайитини юқори кўтаринкиликда ўтишини таъминлаш мақсадида 29-31 март кунлари вилоятдаги 95 та маҳаллада байрам тадбирлари ўтказилиши белгиланган.
Бир сўз билан айтганда, Рамазон ҳайити байрами вилоятда кўтаринки кайфиятда ўтиши учун зарур барча ишлар амалга оширилмоқда.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (фото), ЎзA мухбирлари