Ташрифдан ташрифгача
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 15-16 февраль кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишиб, вилоятда олиб борилаётган қурилиш, бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб берган эди.
Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ўтган йили вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 90,5 триллион сўмни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 6,6 фоизга ўсди. Аҳоли жон бошига ишлаб чиқарилган ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 26,4 миллион сўмни ташкил қилди.
Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 7,3 фоизга, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш 8,7 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 3,1 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 11 фоизга, чакана савдо айланмаси 8,5 фоизга, ташқи савдо айланмаси 82,7 фоизга, капитал қўйилмалар ҳажми 36,9 фоизга, хизматлар ҳажми 13,2 фоизга, ҳудудий экспорт ҳажми 43 фоизга ўсди.
Вилоятда 2024 йил давомида инвестиция лойиҳалари доирасида 380 та лойиҳа амалга оширилди. Бунда тўқимачилик, саноат, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳалари салмоқли ўрин эгаллади. Мазкур лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобига 32 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди.
Жумладан, саноат соҳасида қиймати 144,2 миллион долларга тенг 201 та, хизмат кўрсатиш соҳасида қиймати 62,2 миллион долларлик 110 та, қишлоқ хўжалиги соҳасида қиймати 21,7 миллион долларлик 61 та лойиҳа ишга туширилди.
Шунингдек, 1,3 миллиард доллар миқдордаги хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Хорижий инвесторлар томонидан киритилган 510,4 миллион доллар инвестиция ҳисобига 20 та лойиҳа амалга оширилиб, 4 мингта янги иш ўрни яратилди.
Булоқбоши туманида Хитойнинг “Western international new building materials pte. LTD” компанияси томонидан қиймати 250 миллион доллар бўлган қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилиб, мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Хитойнинг “Tiange Hong AN” компанияси томонидан қиймати 24 миллион долларлик лойиҳа доирасида Олтинкўл ва Жалақудуқ туманларида 600 гектар майдонда 24 минг тонна қалампир етиштирилди. “Ипак йўли” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида етиштирилган қалампирни қайта ишлашнинг биринчи босқичи амалга оширилди.
Ўзлаштирилган хорижий инвестицияларнинг асосий қисми Хитой, Туркия, Россия, Германия, Жанубий Корея, Қирғизистон, Италия давлатлари ҳиссасига тўғри келади.
Шунингдек, ўтган йили вилоятда жами 1 миллиард 191,1 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди. Белгиланган режа 125 фоизга бажарилди.
Жами экспортга чиқарилган маҳсулотларнинг 72 фоизини тўқимачилик ва енгил саноат маҳсулотлари, 7,8 фоизини нефть ва ёқилғи маҳсулотлари, 8,3 фоизини мева ва сабзавот маҳсулотлари, 1,3 фоизини машина ва ускуналар, 1,3 фоизини пойабзал маҳсулотлари ташкил этди.
Умуман, экспорт фаолиятига 423 та корхона жалб этилган бўлиб, уларнинг сони аввалги йилга нисбатан 36 тага кўпайди. Экспорт маҳсулотларининг асосий қисми Россия, Қирғизистон, Хитой, Афғонистон давлатларидаги ҳамкорлар ҳиссасига тўғри келди. Экспорт географиясини кенгайтириш борасида олиб борилган ишлар натижасида ҳамкор давлатлар сони 38 тага етди. Ўтган йили Босния-Герцоговинага ёғоч маҳсулотлари, Венгрияга музлатилган сабзавотлар, Данияга тиббиёт буюмлари, Ироқ давлатига музқаймоқ маҳсулотларининг экспорти йўлга қўйилди. Шу билан бирга, ўтган йилнинг ўзида 68,6 миллион долларлик янги маҳсулотлар экспорти амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 15 февралдаги “Ипак йўли” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Андижон туманида ташкил этилган “Ипак йўли” эркин иқтисодий зонасига ўтган йили Хитой давлатидан салоҳиятли компанияларнинг истиқболли лойиҳаларини жойлаштириш бўйича инвестицион буюртмалар қабул қилинди.
2024 йилда эркин иқтисодий зона ҳудудининг 51,4 гектар майдонига умумий қиймати 302,4 миллион долларлик 9 лойиҳа жойлаштирилди. Ҳозир ушбу лойиҳаларни ишга тушириш бўйича қурилиш-пудрат ишлари амалга оширилмоқда.
Айни кунда вилоятда 312 гектар ер майдонида жами 44 та кичик ва Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари мавжуд. Шундан 25 таси кичик саноат зонаси, 19 таси Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасидир. Ушбу саноат зоналарига умумий қиймати 2 триллион 378 миллиард сўмлик 1 минг 241 та лойиҳа жойлаштирилиб, 23 минг 778 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
2024 йилда қиймати 121,9 миллиард сўмлик жами 105 та лойиҳа ишга туширилиб, 1 минг 874 та янги иш ўрни яратилди.
Олтинкўл туманининг Уйғур маҳалласи ҳудудида 16 гектар ер майдонида “кластер” усулида мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш, кўргазма ва савдо объектлари ҳамда барча қулайликларга эга бўлган “Мебелсозлик комплекси” кичик саноат зонаси ташкил этилди.
Қиймати 120 миллиард сўм бўлган “Мебелсозлик комплекси”нинг қурилиш ишлари якунлангач, ҳудуддаги лотлар “саноат ипотекаси” шартномаси асосида тадбиркорларга сотилади.
Комплексдаги ишлаб чиқариш цехларида йилига 160 минг дона мебель маҳсулотлари тайёрлаш, мингта янги иш ўрни яратиш, шунингдек, йилига 10 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниши белгиланган.
“Мебелсозлик комплекси” ўзининг дизайнерлик мактабига эга бўлиб, бу ерда бозор талаблари маркетинги асосида янги турдаги, замонавий мебеллар ишлаб чиқилади.
Вилоятда турли дастурлар доирасида аҳоли даромадини ошириш ҳамда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 49 мингта лойиҳа ташаббускорига 1 триллион 106,6 миллиард сўм миқдоридаги кредитлар ажратилди. Натижада 81 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 2024 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури доирасида барча йўналишларда 447 минг 975 нафар ишсиз аҳолининг бандлиги таъминланди.
Жумладан, тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш йўналишида 174,7 минг нафар, қишлоқ хўжалиги тармоғида 218,8 минг нафар, инвестиция лойиҳаларини ишга туширилиши ҳисобига 42,5 минг нафар, қурилиш ва коммунал соҳасида 11,8 минг нафар киши доимий иш ўрнига эга бўлди.
Бандликни таъминлаш бўйича олиб борилган ишлар натижасида ишсизлик даражаси йил бошига нисбатан 1,6 фоизга камайиб, 5,4 фоизни ташкил этди.
Бундан ташқари, ишсиз аҳолини касб-ҳунарга тайёрлаш ва тадбиркорликка йўналтириш ҳамда ўқитиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, вилоят меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича 21 минг 352 нафар ишсиз фуқаро ўқитилди.
Ўқишга жалб этилганларнинг аксарияти “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз фуқаролардан иборат бўлди. Уларнинг 92 фоизи иш билан таъминланди.
Шунингдек, ўтган йили камбағалликдан чиқариш бўйича ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Натижада камбағаллик даражаси 11,9 фоиздан 8,9 фоизга туширилди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш ва реал даромадларини оширишда томорқадан, шу билан бирга маҳаллаларда деҳқончилик қилиш учун ижарага ажратилган ер майдонларидан унумли фойдаланиш, хусусан, “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида олиб борилган ишлар самарали натижалар берди.
Масалан, ўтган йили туманлардаги ижарага ажратилган 436 гектар ер майдонларида 2 минг 434 деҳқон хўжалиги иштирокида 44 та лойиҳа доирасида олиб борилган ишлар натижасида 133,6 миллиард сўмлик 31,9 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилди. Ҳар бир хўжалик ўртача 55 миллион сўмдан даромад олди.
Асака туманининг Обод маҳалласида 65 нафар фуқарога ажратилган 10 гектар ер майдони танлаб олиниб, бодринг етиштириш бўйича ана шу йўналишда самарали иш олиб бораётган тажрибали фермерга бириктирилди. “Миллийбанк” томонидан эса маҳсулот етиштириш харажати учун 150 миллион сўм миқдорида кредит ажратилди. Натижада ана шу майдондан жами 560 тонна бодринг етиштирилиб, 3,9 миллиард сўмлик экспорт қилинди. Ҳар бир ер эгаси йилига 60 миллион сўм фойда олди.
Вилоятда “Уйчи тажрибаси”, “Сайхунобод тажрибаси”, “Зарбдор тажрибаси”, “Ғиждувон тажрибаси” бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ана шу йўналишдаги ишлар натижасида 143 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди.
Аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилди. Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан Андижон тумани адирликларида барпо этилаётган Янги Андижон шаҳрида ҳозирга қадар 1 минг 800 хонадонли 63 та кўп қаватли уй, шунингдек, 1 минг 680 ўринли умумтаълим мактаби, 420 ўринли мактабгача таълим ташкилоти, 250 қатновга мўлжалланган поликлиника, трикотаж корхонаси, ипотека маркази қурилиб фойдаланишга топширилди.
“Янги Андижон шаҳри” лойиҳаси бир неча босқичда амалга оширилади.
Умумий майдони 4 минг гектарни ташкил этадиган шаҳарнинг 1 минг 439 гектар майдонида 2 мингта кўп қаватли тураржойлар, савдо масканлари қад ростлайди. Шунингдек, 223 гектарда хизмат кўрсатиш, 1 минг 820 гектар майдонда яшил ҳудудлар ташкил этилади. Бундан ташқари, 499 гектар майдон йўллар ва бошқа инфраструктура объектларидан иборат бўлади.
Уй-жойлар, ишлаб чиқариш ҳамда ижтимоий соҳа объектларини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида умумий қиймати 33 миллиард сўмга тенг лойиҳа доирасида сиғими 4 минг метр-куб бўлган сув сақлаш ва узатиш иншооти ишга туширилди.
Шунингдек, ҳудудда 19 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон”, 5,5 гектар майдонда “Ватанпарвар” боғлари ташкил этилди.
Вилоятда муқобил энергия тизимини шакллантириш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2023-2024 йиллар давомида 1 минг 626 та ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларига қуввати 23 минг 168 кВатли, тадбиркорлик субъектлари бино ва иншоотларига қуввати 26 минг 835 кВатли, 12 минг 826 та аҳоли хонадонига 87 минг 607 кВатли, 33 та кўп қаватли уйларга 268 кВатли қуёш панеллари ўрнатилди. Қуёш панеллари ўрнатилган ушбу объектлар “Яшил энергия” платформаси рўйхатидан ўтказилди.
Бундан ташқари, 2024 йил ва жорий йилнинг ўтган даври мобайнида лойиҳа қиймати 28 миллион долларга тенг 9,55 МВтли 8 та микро гидро электростанция ишга туширилди.
Вилоятда автомобиль ва ички йўлларни қуриш, таъмирлаш бўйича ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Ўтган йили турли тоифадаги йўлларни таъмирлаш бўйича белгиланган режа ва дастурлар доирасида 1 минг 520,2 километр йўл, 9 та кўприк таъмирланди.
Сув хўжалиги тизимида ўтган йили ирригация-мелиорация тадбирлари доирасида 963,4 километр тармоқ таъмирланди ва реконструкция қилинди.
Шунингдек, вилоят бўйича 48,8 минг гектар майдонда сувни тежовчи технологиялар жорий этилди.
Ўтган йили жами 60 минг 363 қути ипак қурти парвариш қилиниб, белгиланган 3 минг 561 тонна ўрнига, амалда 3 минг 883 тонна пилла етиштирилди.
Марҳамат туманидаги “Ипак” фермер хўжалиги томонидан “Ипак кўчат кластер” тутчилик кластери ишга туширилиб, хўжаликда етиштирилган тут кўчатларини экспорт қилиш йўлга қўйилди. Ўтган йили қарийб 2 миллион долларлик тут кўчати экспорт қилинди.
Илм фан ва ишлаб чиқаришга асосланган ҳолда тут дарахтининг янги дарахт навларини яратиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Кластер томонидан замонавий технологияларга асосланган “ИНВИТРО” лабораторияси қурилиб, ишга туширилди.
Хонобод шаҳридаги Кампирровот маҳалласида хонадонларда форель балиқларини боқиш йўлга қўйилди. Бугунги кунда ушбу хонадонларнинг ҳар бирида ўртача 2 тоннагача форель балиғи етиштирилиб, ҳар бир хонадон ўртача 40 миллион сўмгача даромад топмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан аҳолининг тухум ва гўшт маҳсулотларига бўлган талабини қоплаш мақсадида вилоятдаги фермер хўжаликлари ҳудудларидаги ариқ ва зовурларда ўрдак боқишни ташкил қилиш лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Ўтган йили 1 минг 100 нафар ташаббускор фермернинг ўз ҳудудларидан ўтган ариқ ва зовурларда ўрдак боқиш ташаббуси қўллаб қувватланди. Ушбу ташаббускорлар томонидан 1,1 миллион бош ўрдак боқиш ташкил қилиниши белгилаб олинди. Бунинг учун талаб этиладиган материаллар ва маблағлар ажратиладиган бўлди. Ушбу ҳудудларда ҳозирга қадар қарийб 300 километр махсус сим тўрлар тортилди, минг бошгача ўрдак боқиладиган 900 тага яқин ўрдакхона қурилди.
Шунингдек, Қўрғонтепа туманида “Оқ сув” фермер хўжалиги томонидан малина етиштириш йўлга қўйилди.
Ёшлар ва хотин-қизларга ижарага ажратилган ҳамда аҳоли томорқаси ва деҳқон хўжаликларига қарашли жами 300 гектар майдонига малина кўчатлари экилди.
Экилган кўчатларни парваришлаш бўйича мутахассислар жалб этилган ҳолда амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Етиштирилган ҳосилни бозор нархида кафолатли сотиб олиш тизими жорий этилди.
Вилоятда узум етиштириш бўйича ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда. Асака, Булоқбоши, Жалақудуқ, Марҳамат ва бошқа қатор туманлардаги кўплаб маҳаллаларнинг драйвери узумчиликка ихтисослаштирилди. Кейинги йилларда амалга оширилган ишлар натижасида 2,5 минг гектарлик токзорлар майдони 4,89 минг гектарга етказилди. Узум етиштириш ҳажми эса 65 минг тоннадан 89 минг тоннага етказилди.
Ўтган йили 499 минг нафардан зиёд хорижий туристлар, 1 миллион 654 минг нафар юртимиз сайёҳлари Андижон вилоятига ташриф буюрди. Вилоятга ташриф буюрувчи сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида 44 та янги туристик ташкилот фаолияти йўлга қўйилди.
[gallery-22806]
Президентимиз ташаббуси билан ўтган йил Хонобод шаҳрида ўтказилган “Дунё садолари” II халқаро миллий эстрада санъати фестивали вилоят маданий ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири бўлди. Халқаро фестивалда дунёга машҳур эстрада юлдузлари иштирок этди.
Фестиваль кунлари 350 минг нафардан ортиқ маҳаллий ва хорижий туристлар Хонобод шаҳрига ташриф буюрди.
Бундан ташқари, вилоятда ўтган йили ижтимоий соҳалар – тиббиёт, мактабгача ва мактаб таълими, шунингдек, маданият, спорт, умуман, ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизнинг барча соҳаларида эътиборга молик ишлар амалга оширилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари