Андижонда амалий семинар ўтказилди
Аввал хабар берганимиздек, худудларда “Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш масалалари”га бағишланган амалий семинарлар ташкил этилмоқда.
Навбатдаги семинар 22 ноябрь куни Андижон шаҳрида ўтказилди. “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ, Бизнес омбудсман ва Андижон вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда бизнес соҳасига мутасадди идоралар вакиллари, тадбиркорлар ва ҳоким ёрдамчилари иштирок этди.


Тадбирда Андижон вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Дилшод Каримов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Дилмурод Қосимов, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Бошқаруви раиси ўринбосари Козимжон Исмоилий ва Хўжаобод банк хизматлари офиси раҳбари Самандар Ҳожисултонов сўзга чиқди.


Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 14 сентябрдаги “Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2023 йил 15 ноябрдаги “Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари бизнес соҳаси ривожи учун янги имкониятларни яратади. Хусусан, “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш комплекс дастури” ижросига фаол киришилди. Дастурни 2023-2026 йилларда амалга ошириш учун давлат маблағлари ҳисобидан 6 трлн. сўм ва халқаро молия институтларининг 1,2 млрд. АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.


“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Дастурни амалга ошириш ва уни доимий равишда такомиллаштириб бориш бўйича асосий таянч банк сифатида белгиланган.
Семинарда Андижон вилоятида кичик бизнесни ривожлантиришнинг истиқболлари, кичик бизнес соҳасида янги жорий этилаётган тизимнинг мазмун-моҳияти ва амалга ошириш механизмлари, “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш дастури” доирасида лойиҳаларни молиялаштириш тартиби ҳақида маълумотлар берилди.


Тадбир якунида ҳоким ёрдамчилари томонидан вилоятдаги маҳаллаларда аҳоли ва тадбиркорлар орасида қабул қилинган қарорларни тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича вазифалар белгиланди.
“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ
Ахборот хизмати