Андижонда “Агро марафон” ўтказилди
Андижонда ёшлар иштирокида “Агро марафон” лойиҳаси доирасида тадбирлар ўтказилди.
Андижон вилояти ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон ёш фермерлар Кенгаши ҳамда Андижон вилояти Агро хизматлар маркази ҳамкорлигида мамлакатимизда биринчи марта ташкил этилган “Агро марафон” тадбирида ёш фермерлар, қишлоқ хўжалиги соҳасида тадбиркорликка қизиқувчи ёшлар, талабалар ҳамда ер олиб, деҳқончилик билан шуғулланаётган ёшлар вакиллари иштирок этди.
– Мазкур лойиҳа доирасидаги тадбирлар қишлоқ хўжалиги йўналишида иш олиб бораётган ва тадбиркорлик қилиш ниятидаги ёшларни қўллаб-қувватлаш, соҳага қизиқишини янада ошириш, уларга мотивация бериш мақсадида ташкил этилди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилоят бошқармаси бошлиғи Ойбек Юлдашев. – Қолаверса, иштирокчилар қишлоқ хўжалиги йўналишида тадбиркорликни йўлга қўйиш борасидаги билим ва тушунчаларини бойитди.
Дастлаб иштирокчилар учун Олтинкўл туманидаги "Бахт имкон ривож чорваси" кўп тармоқли, наслчилик фермер хўжалигига саёҳат ташкил этилди. Мазкур хўжаликда олиб борилаётган ишлар билан бевосита танишилди. Фермер хўжалиги раҳбари Фахриддин Исмоилов ёшларга чорвачиликнинг ўзига хос жиҳатлари, эришилаётган ютуқлар ҳақида гапириб берди.
[gallery-4272]
Куннинг иккинчи ярмида Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялари институтида самарали иш олиб бораётган ёш фермерлар, ўқитувчи-профессорлар билан тадбир қатнашчиларининг учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда мутахассислар томонидан қишлоқ хўжалигида юқори натижаларга эришиш, тадбиркорликни йўлга қўйиш ва соҳага оид бошқа масалалар юзасидан иштирокчиларга кенг маълумотлар берилди. Ёшларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар қайтарилди.
– Жорий йил эрта баҳорда менга 10 сотих ер ажратиб берилган эди, – дейди тадбир қатнашчиси, Олтинкўл туманидаги Ижтимоият маҳалласида яшовчи Бекзод Ботиров. – Деҳқончилик қилиб, яхшигина даромад олдим. Мазкур лойиҳа доирасидаги тадбирларда иштирок этиб, қишлоқ хўжалиги, деҳқончиликда кўп нарсаларни ўргандим, соҳага бўлган қизиқишим янада ортди. Ишонч билан айта оламанки, ўрганганларим келгусида фаолиятимни самарали олиб боришда албатта, менга ёрдам беради.
Якунда юқори натижаларга эришган агротадбиркорлар, ёш фермерлар ҳамда қишлоқ хўжалигига қизиқадиган ёшлар иштирокида тадбир иштирокчилари учун “Агро марафон” мотивацион тренинг ва машғулотлар ўтказилди.
Ф.Убайдуллаев,З.Умрзоқов (сурат), ЎзА