Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан кадастр соҳасига оид қонун, фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш, тизимда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, ерларнинг ҳисобини юритиш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоятда ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, айниқса, қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона ва самарали фойдаланишни тарғиб этишга қаратилган кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Шунга қарамасдан вилоятда ердан ноқонуний фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари аниқланмоқда.
Жумладан, бошқарма ҳамда туман ва шаҳарлар бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида 815 ҳолатда 74,3 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, уларнинг маълум қисмига ноқонуний қурилмалар қурилгани ҳолати аниқланди.
Таҳлилларга кўра, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 74,3 гектар ер майдонининг 58,1 гектари қишлоқ хўжалигига, 5,4 гектари аҳоли пунктларига, 2,4 гектари сув фонди, 4 гектари саноат, транспорт, алоқа, мудофаа, тарихий-маданий аҳамиятга молик объектларга, қолган қисми эса бошқа турдаги ерларга тегишли эканлиги маълум бўлди.
Қонун бузилиш ҳолатлари ўрганилганда 294 таси уй-жой қуриш, 311 таси нотурар қурилишлар қилиш, 76 таси кўп йиллик дарахтлар экиб олиш, 2 таси ноқонуний балиқ ҳовуз қуриш, 132 таси эса бошқа мақсадларда ерлардан ноқонуний фойдаланиб келган.
Ерга оид аниқланган 815 қонун бузилиш ҳолати бўйича уни содир этган шахсларга қонун бузилиш ҳолатини ихтиёрий бартараф этиш юзасидан огоҳлантириш хатлари, кўрсатмалар юборилди. Кўрилган чоралар, тушунтириш ишлари натижасида 601 ноқонуний ҳолат бартараф этилди.
Олиб борилган тарғибот-ташвиқот тадбирлари ва қонун бузилиш ҳолатларини ихтиёрий бартараф этиш бўйича берилган муддатлар ичида қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этмаганлар учун ноқонуний қуриб олинган қурилмаларни мажбурий тартибда буздириш юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича туман, шаҳар судларига даъво аризалар киритилди.
Бундан ташқари, ердан фойдаланиш бўйича аниқланган 75 ноқонуний ҳолатда жиноят аломатлари мавжуд бўлганлиги сабабли белгиланган тартиблар асосида ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли ҳужжатлар ҳудудий прокуратура органларига тақдим этилди.
Шунингдек, ўрганишлар давомида жорий йилнинг ўтган етти ойи мобайнида 71 та ҳолатда 199,4 гектар ер майдонидан мақсадсиз фойдаланилаётганлиги аниқланди. Мазкур ҳолатлар бўйича маҳаллий ҳокимликларга белгиланган тартибда тақдимномалар киритилиб, мақсадсиз фойдаланилаётган ер майдонларини ҳокимликлар захираларига қайтариш чоралари кўрилмоқда.
Бундан ташқари, мутахассисларимиз томонидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга асосан, шу йилнинг ўтган етти ойи давомида давлат ер, кадастр ва геодезия назорати соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлиги учун 2 минг 312 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари мутахассислари томонидан ердан фойдаланиш бўйича ўрганишлар давом этмоқда.
Фаёзиддин Бердиқулов,
Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи
ЎзА