Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи доирасида Андижон шаҳрида замонавий заргарлик маркази фойдаланишга топширилди.
Давлатимиз раҳбари ўтган йилнинг февраль ойидаги вилоятга ташрифи чоғида заргарлик марказини ташкил этиш ҳақида алоҳида таъкидлаган эди. Ана шундан келиб чиқиб, “Ayista Gold” корхонаси томонидан умумий қиймати 2 миллион долларга тенг лойиҳа доирасида заргарлик маркази барпо этилиб, биринчи босқич ишлари якунига етказилди.
Президентимизнинг 2019 йил 18 майдаги “Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳа вакилларига кенг имкониятлар тақдим этди.
Хусусан, заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларга кон-металлургия комбинатлари ва аҳолидан қимматбаҳо металл парчалари, тошлар ва улардан ясалган буюмларни сотиб олиш ҳуқуқи берилди. Хориждан технология ва мутахассислар олиб келиш қўллаб-қувватланди.
Бундай эътибор ва имкониятлар заргар тадбиркорларга ишонч берди.
Андижондаги марказ ҳам барча замонавий талаблар асосида жиҳозланади. Бу ерда маҳаллий ишлаб чиқариш ва савдо майдончалари ташкил этилмоқда. Шунингдек, қимматли заргарлик металлари захираларини сақлаш, уларнинг асиллик даражасини аниқлаш имкониятлари ҳам яратилади.
Марказнинг ертўла қисмида ишлаб чиқариш цехлари, пастки қаватларда сотув бўлимлари, кўргазма заллари бўлади. Бешинчи-олтинчи қаватларда офислар, кафе, маиший хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади.
Таъкидлаш жоиз, ўтган йили вилоятдаги жами заргарлар томонидан қарийб 70 килограмм олтин ва кумушдан бўлган заргарлик буюмлари ишлаб чиқарилган. Келгусида бу рақамнинг ўсишига янги марказ ҳам ўз ҳиссасини қўшади.
Заргарлик марказида йилига 200 хил дизайндаги 60 килограмм заргарлик буюмлари ишлаб чиқарилади. Лойиҳа доирасида 50 та янги иш ўрни яратилади. Уларнинг аксариятини уста-заргарлар ташкил этади.
– Водий вилоятлари заргарлиги қадимдан машҳур, – дейди “Ayista Gold” корхонаси раҳбари, тадбиркор Иродахон Неъматова. – Бу заминда уста ҳунарманд сулолалар жуда кўп. Лекин уларнинг ишлаши учун шароит яхши эди, деб бўлмайди.
Энди вилоятдаги тарқоқ ҳолда, турли шароитларда фаолият олиб бораётган 40 нафардан ортиқ ҳунарманд заргар, 60 нафарга яқин заргарлик буюмларини сотувчилар бир жойга жамланади. Марказда уларнинг самарали иш олиб бориши учун зарур шарт-шароит ва қулайликлар яратилади.
Марказга хориждан моҳир дизайнер заргарлар жалб қилинган.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари